АсосийJamiyat

ЯНГИ ЙИЛНИ ПИРОТЕХНИКАСИЗ ЎТКАЗИНГ!!! АКС ҲОЛДА...

'ЯНГИ ЙИЛНИ ПИРОТЕХНИКАСИЗ ЎТКАЗИНГ!!! АКС ҲОЛДА...'ning rasmi

Қиш эшик қоққани сари кўча-кўйда болалар томонидан турли пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳоллари кўпаяди. Унинг аянчли оқибатлари, болаларимиз соғлиғига таъсири барчамизга маълум. Бу ўз навбатида божхона ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини сергакликка чорлайди. Сабаби, айнан шу даврда пиротехника воситаларининг божхона чегараларидан ноқонуний олиб ўтилиши ҳамда қонунга хилоф тарздаги савдоси кучаяди.

Пиротехника воситалари билан боғлиқ қоидабузарликларни тартибга солиш ҳамда мамлакатимизга пиротехника воситаларини олиб кириш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, сотиш ва улардан фойдаланиш соҳасида самарали давлат назоратини ўрнатиш, уларнинг ноқонуний фойдаланишининг олдини олиш, пиротехника воситалари намойиш қилинадиган маданий-томоша ва бошқа тадбирларни ўтказишда хавфсизлик чора-тадбирларини кучайтириш, шунингдек, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида 2009 йил 10 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида пиротехника воситалари айланишини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Шу билан бирга, 2010 йил 22 сентябрдаги “Пиротехника буюмлари муомаласи тартибга солиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун билан пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш, жўнатиш, улардан фойдаланиш, худди шунингдек, уларни қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш (Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқиш) ёки ўтказиш каби қонунбузарликлар учун Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 2501-модда ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 1851-модда билан тўлдирилиб, қонунбузарларга нисбатан жазо чоралари кескин кучайтирилди.

Мазкур қонун билан яна бир тартиб жорий қилинди, яъни пиротехника буюмларини (ҳарбий мақсаддаги маҳсулотлардан ташқари) яратиш, ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш, реализация қилиш, фойдаланиш, йўқ қилиш ва утилизация қилиш – амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турлари рўйхатига киритилди.

Пиротехника воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш, аниқлаш, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш ҳамда аҳоли орасида тушунтириш ишларини янада кучайтириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар амалга ошириб келинаётганига қарамасдан, ушбу йўналишда ҳуқуқбузарлик ҳолатлари содир этилаяпти.

Бу борадаги ҳуқуқбузарликларни аниқлашда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳам муайян чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Мисол учун, Нишон тумани ҳудудида жойлашган 154-сонли темир йўл разъездига келиб тўхтаган 320-сонли “Москва-Душанбе” йўналишидаги йўловчи поезди божхона назоратидан ўтказилганда, ушбу поезднинг 10-вагонида вагон кузатувчиси сифатида келаётган фуқаро Т.Н.га тегишли буюмлар орасидан яширинча жойлаштирилган ҳолдаги 50 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланиб, белгиланган тартибда баённома тузилди.

PB170015.JPG
Якунда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Жиноят ишлари бўйича Нишон тумани судининг қарори билан фуқаро Т.Н.га нисбатан тегишли жазо тайинланиб, ҳуқуқбузарлик ашёси ҳисобланган пиротехника воситалари белгиланган тартибда йўқ қилиниши таъминланди.
Шуни айтиш лозимки, яқинлашаётган қиш мавсуми, қолаверса, Янги йил байрами турли пиротехника воситаларисиз ҳам зўр ўтади. Улардан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъулдир.

    Бошқа янгиликлар