Ямайка пойтахти Кингстон шаҳрида афсонавий спринтер, саккиз карра Олимпиада чемпиони Усэйн Болтнинг бронзадан ясалган ҳайкали очилди. Ҳайкалнинг баландлиги 2,5 метрни ташкил қилади ва унда Болтнинг ғалабани нишонлаш чоғидаги машҳур ҳолати тасвирланган.
“Кўрганларимни сўз билан таърифлаш мушкул. Бу мен учун катта шараф. Фаолиятим бошланган Миллий стадионда ҳайкалим бўлишини тасаввур ҳам қила олмасдим. Ямайка халқи мендан рози бўлиши, мен билан фахрланиб юриши учун ҳаракат қилганман. Бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади”, — деди Болт.







