2017 йилнинг 20 ноябрь куни Тошкент шаҳар Олмазор туманида жойлашган руҳий касалликлар шифохонасидан қочган 3 нафар хавфли жиноятчини ушлашда ҳамда бошқа йирик жиноятларни фош этишда жонбозлик кўрсатган ички ишлар идоралари ходимлари 1 млн ҳамда 500 минг сўм пул мукофотлари билан рағбатлантирилди. 9 декабрь куни пойтахтдаги “Бунёдкор” стадионида уларни мукофотлаш тадбири бўлиб ўтди.
Рағбатлантирилганлар орасида Тошкент шаҳар ИИББ пост-патрул хизмати бригада бошлиғи ўринбосари, подполковник Муродилла Алиқориев ҳам бор.
—Руҳий касалликлар шифохонасидан 3 нафар бемор қочиб кетгани ҳақда тезкор хабар олганимиздан сўнг, бошқарма бошлиғи томонидан кўрсатмалар берилди ва унга шахсий таркиб йўналтирилди. Воқеа содир бўлган вақтдан 4 соат ўтиб, қочиб кетганларнинг 2 нафари “Олмазор” метро бекатида ушланди. Учинчи шахсни қидирув ишлари кечаю кундуз давом эттирилди. У ҳам қидирувнинг эртаси куни Чилонзор туманидаги савдо марказлари атрофида қўлга олинди. Хавфли жиноятчини ушлаш жараёнида у қочишга уринди ва ёнида бўлган пичоғи билан менга ташланди, оқибатда тан жароҳати олдим. Шунга қарамай, уни қуролсизлантириб, қўлга олишга эришдик.






