2017 йилнинг 11 ойи давомида Тошкент шаҳар ИИББ соҳавий хизматлари томонидан 957 та, декабрь ойи давомида 19 та жиноят фош этилди. Бу ҳақда шаҳар ИБББ матбуот хизмати раҳбари Азизжон Тешабоев 9 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот брифингида маълум қилди.
Жиноятларнинг 520 таси ўғирлик, 224 таси фирибгарлик, 20 таси оғир тан жароҳати етказиш, 21 таси қотиллик, 34 таси босқинчилик, 50 таси талончилик, 24 таси безорилик, 18 таси автомашиналарни олиб қочиш ва 46 таси бошқа жиноятлардир.
Азизжон Тешабоевнинг қайд этишича, бугунги кунда пойтахт шаҳар ҳудудида жиноятлар сони шу йилнинг 11 ойи мобайнида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15 фоизга камайишига эришилган.
"Тошкент шаҳри ҳудудида жорий йилнинг 11 ойида қайд этилган жиноятлар 12 минг 302 тани ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 минг 181 тага, яъни 15 фоизга камайганлигини (2016 йил 11 ойида 14 минг 483 та қайд этилган) алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. 2016 йилнинг 9 ойи давомида жами 331 та, ноябрь ойининг ўзида 331 та фирибгарлик жинояти қайд этилган бўлиб, жорий йилнинг ноябрь ойида 158 та фирибгарлик рўйхатга олинган. Бу турдаги жиноят икки баробар, яъни 173 тага камайишига эришилган. Бундан ташқари, йил бошидан 1 минг 956 нафар, ой давомида 36 нафар қидирувда бўлган жиноятчилар ушланди"- деди Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати раҳбари.






