Юртимизда барча сектор тадбиркорлик субъектларига эркин фаолият олиб боришлари учун барча шароит ва имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, импортёр ва экспортёр ташкилотлар фаолиятини либераллаштириш мақсадида, хукумат томонидан қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинган.
Албатта, бу шароитлардан унумли фойдаланиб келаётган тадбиркорлик субъектлари мамлакатимиз иқтисодиёти ва саноатини юксалтиришга ўзининг муносиб хиссасини қўшиб келмоқда.
Аммо берилган имкониятларни суистеъмол қилиб, ўз манфаатларини катта даромад топиш илинжида устун қўйиб ноқонуний хатти-ҳаракатларга қўл ураётган тадбиркорларнинг учраётгани жуда ачинарли.
Яқинда Чиноз туман жиноят ишлари бўйича суди Самарқанд вилоятида рўйхатдан ўтган “Davr Talabi Qurilish Mollari” МЧЖ томонидан Хитойдан катта миқдордаги товарларни республикамизга ноқонуний олиб кирилиши ҳолати бўйича қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилишини якунланди.
Аввалроқ, яъни 2017 йил 16 март куни Давлат божхона қўмитаси Контрабандага қарши курашиш бош бошқармаси ва Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган махсус тадбир давомида130 тоннадан ошиқроқ вазнга эга бўлган, умумий миқдори 22 млрд сўмлик Хитойда ишлаб чиқарилган турли товарларни 5 та контейнерда республикамизга ноқонуний олиб кирилиши олди олинган эди.
Юк-кузатув ҳужжатларига кўра, ушбу товарлар Хитойдан Қозоғистонга қадар автотранспортда, Қозоғистондан эса темирйўл платформаларида Самарқанд вилоятида жойлашган “Улуғбек” станциясига етказилган.
Ҳужжатларга кўра, контейнерларда чинни буюмлар ишлаб чиқариш учун хом ашё сифатида фойдаланиладиган маҳсулотлар (нефелин, доломит, цирконий, каолин, пегматит) бўлиши лозим эди. Аммо, ўтказилган божхона кўриги давомида аниқланишича, барча контейнерлар Хитойда ишлаб чиқарилган турли истеъмол товарлари билан “лиқ тўлдирилган ҳолда” бўлган. Хусусан, эркаклар, аёллар ва болалар кийим-кечаклари, турли пойафзаллар, трикотаж маҳсулотлари, турли матолар, косметика ва парфюмерия маҳсулотлари, бижутерия, уяли алоқа воситалари ва бошқа жами 651 номдан иборат бўлган товарлар борлиги маълум бўлди.
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, юклар орасида республикамизга махсус рухсатномаларсиз олиб киритилиши тақиқланган дори воситалари, медицина буюмлари, турли биологик актив қўшимчалар мавжуд эканлиги аниқланган.
Хусусан, қўлга олинган товарлар орасида катта партияда, назоратсиз истеъмол қилиниши инсон ҳаёти ва саломатлигига салбий таъсир кўрсатиш оқибатларига олиб келиши мумкин бўлган жами 10 минг дона “Лирика” номли дори воситалари мавжудлиги аниқланган.
Шубҳасиз, ушбу ноқонуний схема муаллифларининг нияти, товарларни божхона расмийлаштирувига қадар божхона тўлов ставкалари паст бўлган керамика ва чинни буюмларни ишлаб чиқариш учун импорт қилинадиган хомашё истеъмол товарлари билан алмаштириб қўйиш эди.
Бир оз вақт ўтгач, худди шу каби товарлар билан тўлдирилган ва сохталаштирилган ҳужжатлар билан Самарқандга “Davr Talabi Qurilish Mollari” МЧЖ манзилига ҳаракатланаётган яна иккита контейнер Тошкент вилоятида аниқланиб ушлаб қолинган.
Чиноз туман жиноят ишлари бўйича суди ушбу жиноят ишини кўриб чиқиб, 2017 йил 14 ноябрь куни айбдор шахсларга нисбатан ҳукм чиқарди.
Хусусан Ашрафов Талъатбек Акмаловичга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида (44 932 500 сўм) жарима жазоси, Джалилов Шукурилло Шокировичга энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баравари миқдорида (44 932 500 сўм) жарима жазоси,“Davr Talabi Qurilish Mollari” МЧЖ директори ва таъсисчиси Олмосов Хусан Хамдамовичга эса ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Бундан ташқари, суд ҳукмига мувофиқ, илгари “Davr Talabi Qurilish Mollari” МЧЖ манзилига жўнатилган ва Самарқанд вилояти божхона бошқармаси томонидан ушлаб қолинган қиймати 18,36 млрд. сўмлик товар ва контейнерлар, шунингдек, Тошкент вилояти божхона бошқармаси томонидан аниқланган умумий қиймати 3,4 млрд сўмлик товарлар давлат фойдасига мусодара қилинди.
Ваколатли органлар томонидан бериладиган махсус сертификат ва рухсатномаларга эга бўлмаган қиймати 4 млрд сўмдан ортиқ бўлган товарлар эса ўрнатилган тартибда йўқ қилиниши белгиланди.
Хулоса қилиб шуни таъкидлаш жоизки, наҳотки айрим “тадбиркорлар” учун мўмай даромад топиш, моддий бойлик орттириш юртдошлар тақдири, жамият келажаги, инсонлар саломатлиги ва айниқса ёш-авлод тақдиридан ҳам устун турса.
Энди бу жиноий гуруҳ қонун олдида жавоб беради. “Қилмиш-қидирмиш” деганлари шу бўлса керак






