Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори, профессор Отабек Нурматовнинг Kun.uz га берган интервьюсида маълуи қилишича, Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолидан 102 киши ушбу юқумли касалликка чалинган. Қиёслаш учун айтиладиган бўлса, Россияда бу рақам 500 ни, Украинада 280 дан ортиқни ташкил этади.
Унинг айтишича, ҳар йили Ўзбекистон аҳолисининг салкам 11 фоизи, яъни 3,4 млн киши ОИТС/ОИВ таҳлилидан ўтади. Бунда хорижий мамлакатларда бўлиб келган ўзбекистонликлар орасида ушбу касалликни юқтириш ҳолатлари тобора кўпаймоқда. Нурматов қайд этганидек, ҳар йили текширилаётганларнинг 300 мингдан ортиғи хорижда бўлиб қайтаётганлар бўлса, уларнинг касалликка чалинганларининг 75-80 фоизи ОИВни жинсий йўл билан юқтирмоқда.






