Халқ депутатлари Шеробод туман Кенгашининг навбатдан ташқари бўлиб ўтган сессиясида туманда қўлга киритилаётган ютуқлар билан бир қаторда учраётган айрим камчиликлар ана шундай қарорга сабаб бўлди.

Сурхондарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов фейсбук ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида бу ҳақда маълум қилган. Вилоят ҳокими сессияда иштирок этганлар томонидан Шеробод туманида учраётган камчиликлар санаб ўтилгани, хусусан, жорий йилнинг 9 ойида давомида фуқаролардан тушган мурожаатларнинг аксарияти, яъни, 80 фоизи фақатгина тушунтиришлар бериш билан чегаралангани, тумандаги мутасадди идораларда мурожаатлар билан ишлаш, масалани ҳал этиш қониқарсиз аҳволда экани айтиб ўтилганини маълум қилган.
Шунингдек, вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовнинг маълум қилишича, аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги юқори даражада сақланиб қолаётгани, ички йўлларни таъмирлаш, туманнинг экспорт салоҳияти паст аҳволда экани, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қишлоқ хўжалигида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида олиб борилмаётгани туман иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланган.
Сессия кун тартибида кўрилган ташкилий масалалар доирасида туман ҳокими вазифасида ишлаб келаётган Абдулхаким Эшмуратов лавозимидан озод этилган.
Туман фаоллари, депутатлар, сиёсий партиялар вакилларининг таклиф ва мулоҳазалари инобатга олиниб, туман ҳокими лавозимига шу кунга қадар Сурхондарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Ўрол Абрайқулович Бобоқулов туман ҳокими лавозимига тасдиқланган.






