АсосийJamiyat

ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ

'ИҚТИДОРЛИ ЁШЛАР ПАРЛАМЕНТ ФАОЛИЯТИ БИЛАН ТАНИШТИРИЛДИ'ning rasmi
Пойтахтимизда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Парламент – ёшлар манфаатлари ҳимоячиси ва демократия мактаби” мавзусида анжуман ташкил этилди. Унда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ходимлари, партия фракцияси аъзолари ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини яқиндан кузатиб бораётган 200 нафар иқтидорли ёшлар иштирок этди.

O’zLiDeP матбуот хизматининг хабар беришича,Анжумандан кўзланган асосий мақсад – ёшларни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан таништириш, уларнинг қонун лойиҳалари устида ишлай олиш, ўз фикрлари ва таклифларини ифода этиш қобилиятларини шакллантириш, янги қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш жараёнида ёшларнинг бевосита иштирокини таъминлаш ҳамда шу каби анжуманлар орқали ёшлар орасидан бўлажак депутат ва сенаторларни тайёрлашдан иборатдир.

Тадбир давомида “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан муҳокамалар ўтказилиб, ёшлардан таклифлар олинди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP фракцияси аъзолари билан ёшлар учрашувлари ташкил этилди.Бевосита мулоқотлар давомида депутатлар ёшларни қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнлари ҳамда қўмиталар фаолияти билан яқиндан таништиришди.

Тадбирнинг иккинчи куни ҳам қизиқарли маърузалар, баҳс мунозараларга бой ўтди. Жумладан, “Ўзбекистонда сиёсий партияларнинг давлат ва жамият қурилиши тизимидаги роли ва аҳамияти: бу борада O’zLiDePнинг дастурий мақсад ва вазифалари”, “Сиёсий партияларнинг депутатлик гуруҳлари фаолияти” мавзусидаги маърузалар анжуман иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Анжуман доирасида O’zLiDePнинг “Ёш либераллар” клуби ҳамда унинг “Келажак депутатлари” ва “Ёш тадбиркорлар муаммоларини ўрганиш” гуруҳларининг тақдимоти ўтказилди. Таъсис йиғилишида ёшлар мазкур гуруҳлар фаолияти ва гуруҳ аъзоларининг масъулияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Анжуман якунида иштирокчиларга партиянинг аъзолик гувоҳномалари ва сертификатлари топширилди.

    Бошқа янгиликлар