АсосийSUG'DIYONA

БАВОСИРНИНГ ДАВОСИ ЁСТИҚ?!

'БАВОСИРНИНГ ДАВОСИ ЁСТИҚ?! 'ning rasmi

Ҳисобчи бўлиб фаолият юритаман. Тинимсиз ўтириб ишлаганим боис бавосир хуруж қиляпти. Ҳамкасбларимдан бири бу касалликда ишлатиладиган ёстиқ сотиб олишни маслаҳат берди. Тўғриси, бундай ёстиқ ҳақида биринчи марта эшитишим. Илтимос, шу буюм ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз.

Раҳима К., Жиззах шаҳри.

Ҳақиқатан ҳам бавосир хасталигида махсус ёстиқлар жонингизга оро кириши турган гап. Бу нафақат шу касаллик билан оғриганларга, балки унга мойиллиги бор барчага фойдали ҳисобланади. Ёстиқлар беморнинг умумий аҳволига ижобий таъсир кўрсатади, хавфли гуруҳдаги ва ҳамиша ўтириб ишлашига тўғри келадиган инсонларда бавосир вужудга келишининг олдини олади.

Кимга керак?

  • Бир жойда ўтириб ишлайдиган идора ходимлари;
  • Ҳомиладор аёллар (бачадоннинг ички аъзоларга ўтказадиган босими қон айланишини бузилишига, натижада тўғри ичакда қон йиғилишига олиб келади);
  • Ҳайдовчилар;
  • Бавосирни олиб ташлаш бўйича жарроҳлик амалиёти ўтказилганидан кейин;
  • Катта ёшдагилар учун. Организмдаги табиий ўзгаришлар туфайли тўғри ичакка қон келиши бузилади. Натижада томирлар девори бўшашиб, бавосир юзага келиши мумкин;
  • Ирсий мойилликка эга, камҳаракат, ич юриши бузилган, мунтазам гантель ва штангалар кўтарувчи, нотўғри овқатланадиган, асабийликка мойил кишиларда ҳам бавосир ривожланиши эҳтимоли бўлгани боис, улар ҳам ёстиқлардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ саналади.

Турлари

Бавосирда қўлланиладиган ёстиқлар ортопедик тиббий буюмлар сарасига киради. Кўплаб савдо маркалари томонидан ишлаб чиқарилгани боис турли кўриниш ва шаклдаги турлари сотувда мавжуд. Уларнинг ҳар бири махсус текширувлардан ўтказилган бўлиб, самарадорлииги ва буткул хавфсизлиги кафолатланади. Ёстиқлар ўлчами, ичи нима билан тўлдирилгани, кўринишига кўра фарқланади. Шаклан думалоқ (ҳалқа), тўғритўртбурчак, понасимон бўлади. Шунингдек харид қилиш чоғи ёстиқ қанча вазнни кўтара олишини суриштириш лозим. Бундай ёстиқчаларнинг ҳалқасимони пуфлаб шишириладиган, поролонли ёки полиуретанли бўлиб, ўртаси тешик доира шаклида бўлади. Тешиккулчага ўхшаш бу мосламанинг думғаза соҳасига тўғри келадиган чуқурчаси орқа тешикдаги нозик соҳага босимни камайтиради. Бундан ташқари, беморнинг вазнидан келиб чиққан ҳолда тиргак қалинлигини ҳавони камайтириш ёки кўпайтириш орқали ўзгартириш мумкин (бундай ёстиқлар насос билан сотилади). Ёстиқчалар кўринишидан сузиш учун мўлжалланган ҳалқаларга ўхшаб кетади. Шунингдек, ҳозирда гречиха пўчоғи солинган турлари ҳам мавжуд бўлиб, ўтиришга қулайлиги, терига ижобий таъсир кўрсатиши билан ажралиб туради.

Қандай фойдаланиш керак?

Ортопедик ёстиқларни юмшоқ креслоларга қўйиб ўтириш маслаҳат берилмайди, негаки бундай ҳолда думба ёстиқнинг орасига кириб қолиб, орқа тешик томиралари сиқилиб қолиши мумкин. Шунингдек, юмшоқ креслоларда ҳаво яхши айламанслиги боис, орқа тешик қизиб кетиши ва натижада тўғри ичак томирларининг янада кенгайиши юзага келиши юз беради.

Бавосир безовта қилаётганда ортопедик ёстиқда ўтириш беморнинг аҳволини анчайин енгиллаштиришига қарамай, унда узоқ вақт ўтириш тавсия этилмайди. Вақти-вақти билан – ҳар икки соатда ўрнидан туриб, касалликда тавсия қилинадиган машқларни бажаришни унутмаслик лозим. Шуни ҳам инобатга олиш даркорки, ушбу ёстиқчалар бавосирга қарши қўлланиладиган даво чораларининг бир қисмигина бўлиб, даволовчи шифокор тавсияларини зинҳор бекор қилинишига сабаб бўлолмайди.

Бавосирда қўлланиладиган махсус ёстиқлардан фойдаланиб, бу дарддан буткул халос бўлиш мумкин деган, нотўғри тушунчага борманг. Касаллик пайдо бўлиши заҳоти проктолог шифокорга учраб, унинг тавсияларига тўлиқ амал қилинг. Бавосирга қарши ёстиқчанинг вазифаси – оғриқни камайтириш ва бу касаллик келиб чиқишининг олдини олишдир.

Нарҳи: 60 минг сўмдан 100 минг сўмгача.

SUNSET тайёрлади.

Манба: «Sug'diyona» газетаси

Бошқа янгиликлар