АсосийShou-biznes

ОБИД АСОМОВ: “ЗАМОНАВИЙ АНЪАНАЛАРНИ АЙНАН АЁЛЛАР ЎЙЛАБ ТОПИШЯПТИ”

'ОБИД АСОМОВ: “ЗАМОНАВИЙ АНЪАНАЛАРНИ АЙНАН АЁЛЛАР ЎЙЛАБ ТОПИШЯПТИ”'ning rasmi

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов бугун “Даракчи” меҳмони. Бу санъаткорни кўпгина ёш ижодкорларнинг устози, десак муболаға бўлмайди. Ижодий фаолияти давомида, қизиқчилик, актёрлик, хонандалик, режиссёрлик билан шуғулланиб келаётган сўз устасининг газетамизга берган эксклюзив интервьюсида ижоди, ҳаёти ва бугунги кундаги муаммоли масалаларга бўлган муносабатини билишга қизиқдик...

— Ишингиз жуда кўп бўлишига қарамай вақт ажратганингиз учун раҳмат.

— Мен ҳам бугунги дийдордан жуда хурсандман. Айтганингиздек, ишлар жуда кўп. Масалан, айни кунларда асосий эътиборимни декабрь ойида бўлиб ўтилиши режалаштирилаётган концертга қаратганман. 2017 йилнинг энг сўнгги кунларида, халқимиз кутган концертимни тақдим этаман. Шунга яраша тайёргарилик ҳам пухта. Унгача эса республикамизнинг ҳар бир вилоятини концерт дастурим билан кезиб чиқиш ниятидаман. Октябрь ва ноябрь ойида тўлиқ гастроллар билан банд бўламан. Сабаби ҳамманинг ҳам пойтахтга келиб концерт кўришга имконияти йўқ. Шунинг учун ҳам концертни ҳудудлардан бошладим.

— 24 сентябрь куни, шахсан сиз кутган яна бир воқеа —“Ада эмас, дада” фильмининг премьераси бўлиб ўтди...

— Биринчи фильмимиз “Тоҳир ва Зуҳра”нинг 10 йилиги арафасидасценарий муаллифи Мадина Мўминова билан иккинчи фильмга қўл ургандик. Лекин “Ада эмас, дада”, “Тоҳир ва Зуҳра” фильмини тақдим этганимизга йигирма йил бўлганда намойиш этилди. Айтмоқчиманки, ҳақиқатдан ҳам бу воқеани жуда узоқ кутдик. Аниқ айтадиган бўлсам, ижодий гуруҳимиз билан ўн йил олдин йиғилиб, тасвирга олиш ишларини бошлагандик. Уни уч йил давомида суратга олган бўлсак, 2010 йил, яъни етти йил аввал, фильм тайёр бўлган. Лекин вақти-соати энди экан, бунга сира ачинмайман. Асосийси, фильмимиз халқимизга етиб борди.

— Орадан анча вақт ўтди. Ўн йил аввалги фильм воқеалари бугунги томошабинни қизиқтиради деб ўйлйасизми?

— Ўринли савол бўлди! Юқоридаги гапларимни ўқиганларни ҳам шу масала иккилантириши табиий. Лекин фильмимизни прокатга тайёрлаш давомида жуда кўп киноижодкорларга, бу соҳанинг энг тажрибали вакилларига кўрсатиб, биринчи ўринда уларнинг фикрини билдим. Очиғи, уларнинг гапи мени жуда қувонтирди. Кўпчилик “Обид ака, бу кино ўн йил аввал суратга олинган, демаганингизда, ўзимиз сезмасдик” дейишди. Биласизми, картинадаги воқеалар, муаммоларга бўлган муносабатлар бугунги кун сиёсати, муҳтарам Президентимиз йўлга кўяётган тизимга жуда мос тарзда ишланган. Яъни замонимиздаги айрим камчиликларни кулгу йўли билан кўрсатишга урундик. Ўзбек маданияти, тилини бузмаслик, оммавий маданиятга қарши курашиш, оиладаги тарбия, инсоний муносабатлардаги муаммоли масалаларини олиб чиққанмиз. Уларга қайсидир маънода ечим топишга ҳаракат қилдик.

— Актёрларнинг ташқи кўриниши ҳам ўн йил аввалгидек эмас. Фильмни қайта монтаж қилишга тўғри келмадими?

— Картинамизни “қайчиламасликка” ҳаракат қилдик. Фильм режиссёр учун фарзанддек гап. У туғилиб бўлдими, қайта тегиш керак эмас. Борича намойиш этамиз. Лекин шуни алоҳида айтиб ўтишим керак, вақт масаласида анча қийналдик. Жуда “иштаҳа” билан ишлаган эканмиз, фильм икки ярим соатга чўзилиб кетган. Бу кинотеатрларимиздаги прокат қонун-қоидаларига тўғри келмайди. Шунинг учун уни икки соатга тўғрилаб, кесиб чиққанмиз.

— Дунё тажрибасига назар ташласак, машҳур фильмларнинг иккинчи қисми, биринчисининг муваффақиятини қайтармаган. Нима деб ўйлайсиз, “Ада эмас, дада” мусиқали фильми“Тоҳир ва Зуҳра”дек машҳур бўла оладими?

— Вақтида, шахсан мен “Тоҳир ва Зуҳра”га фильм сифатида қарамаганман. Телеканал буюртмасига кўра, ишлагандик холос. Лекин у кутилмаганда тилга тушди. Айтмоқчиманки, бу фильм ҳақида ҳам олдиндан бирор нарса деёлмайман. Устига-устак, картинамизга, аввалги кинонинг давоми, деб қарашнинг ўзи нотўғри. Чунки “Тоҳир ва Зуҳра” воқеалари мантиқан тугатилган. Янги картинада асосий актёрлар жамоасини сақлаб қолган бўлсак-да, воқеалар умуман бошқача тус олади.

— Тўйларнинг дабдабали ўтиши борасида бугун турли баҳс ва мунозаралар кетяпти. Бу борада сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.

— Ўз-ўзидан аввалги ва ҳозирги тўйларни солиштиришга тўғри келади. Санъаткорларнинг тўйларга боришини олайлик. Авваллари хонандалар турнақатор бўлиб туришмасди. Халқнинг яхши кунига келган санъаткорлар, шахсан ўзим ҳам тўйда кириб, ярим соат, бир соат хизмат қилган пайтларим бўлган. Бугунги тўйларни қаранг, 10-15 хонандани чақириб қўйишади-да, ҳаммасига навбат етсин деб, 6-7 дақиқадан вақт ажратиб қўйишади. Хонандалар ҳам шунга мослаб, энг машҳур қўшиқларини яримтадан кесиб-кесиб, дискка ёзиб олишган. Бу вазиятни четдан кузатсангиз, худди давоматни текшираётган ишхонага ўхшайди. Ҳамма давоматдан ўтиб, бир кўринса-ю, кетса. Бундай ҳолатда уларнинг ҳеч бирининг санъатидан тузук-қуруқ баҳраманд ҳам бўлолмайсиз. Масалан мен тўйда меҳмонларни мазза қилиб кулдиришим учун камида 25 дақиқа вақт керак. Аммо қўлимга микрофонни тутказишади-да, 3-4 дақиқадан кейин келиб, “Палончи келди, навбат кутяпти” деб пичирлаб кетишади. Бу нима деган гап? Бунга чора кўрмаса, бўлмайди! Санъаткорларни қаторлаштириб навбатга қўйгандан кўра, иккитасини чақирсин, ўшалар тўйга файз киритсин.

Тўғри, ҳамма тўй қилсам дейди, бу орзу-ҳавасли дунё. Ўзимиз ҳам вақтида орзуларимизни амалга оширамиз, деб тўйимизда қатор машиналарида юрганмиз. Лекин бу ишлар билан ҳеч кимга бирор зараримиз тегмаган. Бугун келин- куёвнинг фотосессияси ва сайр учун чақиртирилган машиналарни кўринг. Йўл қоидасига амал қилишни билишмайди, кўчаларда тирбандлик ҳосил қилишади. Ахир ҳар бир ишда меъёр бўлиши керак-ку.

Яна бир гап, бугун орамизда, фалончидан ўтаман деб, дабдабали тўй қилаётган ва бунинг оқибатида қарзга кириб қолган катта ёшдагилар ҳам йўқ эмас. Наҳотки, ўша одам ўзининг чўнтагига қарамаса. Менимча, одам ҳар нарсада нафсини тийиши, биров билан эмас, ўзи билан ҳисоблашиши шарт. Агар ҳар бир одам ўзини тартибга сололса, бугунги муаммолар ҳам секин-аста ҳал бўлади. Масалан, яқинда қизимни узатдим. Очиғини айтиш керак, маросимларни ўтказишда имкониятимдан келиб чиқдим. Чаллари ва унда кейинги ортиқча тадбирларни умуман қилмадик. Раҳматли отам “Ўғлим, хотин киши билан маслаҳатлашма, чўнтак билан гаплаш” дердилар. Бу гап бугунги кунга жуда мос келяпти-да. Ростдан ҳам эркакларимиз, шароити кўтарганини қилса, сарф-харажатлар ҳам камаярди. Лекин бу гапимдан азиз аёлларимиз хафа бўлишмасин. Чунки тан олинглар, барча замонавий анъаналарни айнан аёллар ўйлаб топишяпти (кулади).

— Замонавий ёшлар тарбиясининг қай жиҳатларига эътибор бериш керак деб ўйлайсиз. Чунки бугунги кунда ёшлар муаммолари кам эмас...

— Уч қиз, бир ўғлим бор. Қизларимни ёмон тарбия қилмадим, дебўйлайман. Худога шукр, ҳеч бири ҳақида салбий фикр эшитмадим. Ўғлим 20 ёшда. Тарбия усулига келсак, мен шунчаки, эскиларнинг гапига қулоқ тутдим. Отам бизга қўллаган тарбиясини, фарзандларимга сингдирдим. Яъни ўзим ҳеч қачон қизларимга дашном бермаганман. Онаси орқали эътирозларимни етказардим. Ва шунинг ўзи етарди. Фарзанд тарбиясида ортиқча эрка-тантиқликка йўл қўймаслик керак. Бугунги ёшларнинг интернетдаги фаоллигига тўхталсак, ҳар бир ота-она маълум ёшгача фарзандининг қандай сайтларга кираётганини, кўпроқ қайси мавзуларга қизиқаётганини назорат қилиб туриш керак. Мен ҳам ўз вақтида ўғлимнинг телефонини текшириб турганман. Чунки бугун атрофимизда содир бўлаётган салбий воқеалардан боламизни асрашга масъулмиз. Бу билан одамларга бола тарбияси бўйича ақл ўргатмоқчимасман. Лекин “қуш уясида кўрганини қилади” деган нақл бор. Шунинг учун ҳаммамиз оиламизда интизомини маҳкам ушлаб, фарзандимиз олдидаги масъулиятни унутмаслигимиз керак.

— Ҳамкасбларингизга, сизнинг йўналишингизда фаолият юритаётган ёшларнинг ижодига муносабатингизни билмоқчи эдим...

— “Карвон кўп, ризқи бўлак” дейишади. Биринчи ўринда ҳар бир ижодкорнинг ишида омад қилайман. Барчаси ҳам ҳаракат қиляпти, янгилик қилишга урунишлар бор. Аммо ҳозир уларнинг исмини келтириб, газета орқали камчиликларини айтишни истамасдим. Шундай бўлса ҳам эътиборимни тортган асосий гапга тўхталаман. Бугун бир неча кунлар давомида концерт бериб, зални тўлдираётган қизиқчи гуруҳлар ва телевидиниеда чиқиш қилаётганлари орасида професионаллари жуда камлиги ачинарли ҳол. Уларнинг деярли ҳаммаси бошқа соҳада ишлаб, қизиқчиликка келиб қолганлар. Шунинг учун ҳам айримларининг чиқишларини кўриш бефойда. Кулгили эмас! Қизиқчилик — бачканаликка айланиб қолгандек. Ваҳолангки, кулдириш учун ҳам одам ақлини ишлатиши керак! Одамлар куляпти, деб дуч келган мавзуни саҳнага олиб чиқиш — санъат эмас! Ёш ижодкорларнинг гапларини эшитиб, чойхонадаги дўстларнинг суҳбатини эшитаётгандек бўламан. Саҳна бу чойхона эмас. Улар ана шу муҳим чегарани билишсин!

Яна бир камчилик, ёшларнинг мақсади — тезроқ концерт бериб, пулларни йиғиб олиш ва бой бўлишдир. Уларга айтар гапим, агар яхши санъаткор бўлсанг, пулнинг ўзи сени қувиб юради. Фақат бунинг учун изланиш, меҳнат қилиш ва энг асосийси устоз кўриш керак. Халқимизда “Устоз кўрмаган шогирд, ҳар мақомга йўрғалар” деган нақл бекорга айтилмаган.

Шу мавзуда, бир таклифим бор эди. Бугун санъат институтида, қизиқчилик гуруҳларини ташкил этиш керак. Ҳамда шу соҳага қизиққанлар, тамошабинни кулдиришни истовчиларга, бу соҳадан сабоқ бериш лозим. Ана шунда профессионаллар кўпаяди.

— Ижтимоий тармоқларда жуда фаол санъаткорлардансиз. Бундан мақсад нима?

— Бу халқ билан яқинроқ бўлишнинг бир йўли. Бундан ташқари, ижодимиздаги янгиликларни ҳам етказиб турамиз. Лекин тан олишим керак, шу телефонга жуда боғланиб қолганман. Ярим соат кўзимга кўринмай қолса, қидириб қоламан. Ҳар бир яхши нарсанинг, бир камчилиги бор, деганларидек телефон одамни ўзига жуда боғлаб олган.

— Бугун олтита набиранинг бобосисиз. Улар ҳақида ҳам гапириб берсангиз...

— Балки ҳозирги гапим бировларга эриш туйилар, лекин мен бугун ҳақиқий ёшим неччида эканини унутганман. Назаримда, 30-35 ёшлардаман (кулади).Бунга бола билан бирга болага айланиш қобилиятим ҳам борлиги сабаб бўлса керак. Набираларим уйга келса, умуман бошқа одамга айланиб қоламан. Болаларга мўлжаланган қурилмаларни бирга ясаймиз, ҳовузда бирга чўмиламиз ҳатто от бўлиб ҳам бирга чопамиз (кулади). Нима сўрашса, ҳаммасини бажаришга тайёрман. Албатта, керак пайти дакки ҳам бераман. Буни ўзлари ҳам яхши билишади.

— Фарзанд ва набираларингизнинг бахтини кўриб юринг. Суҳбат учун ташаккур!

— Ҳамма ўзи ўйлаган орзуларига эришсин. Сизларга ҳам раҳмат!


  • Фильмида 200 кишидан иборат массовка ишлаган.
  • “Ада эмас, дада” мусиқали фильмида 20 га яқин хонанда дунё классика дурдоналаридан 10 та дуэт қўшиқ куйлашди.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди

Фотомухбир Ислом РЎЗИЕВ

    Бошқа янгиликлар