Шундай бўладики, ҳомиладорлик пайтида аёлни ҳеч нарса безовта қилмайди, таҳлиллар яхши, аҳволи дуруст. Аммо УТТ текширувида шифокор «гематома» номли номаълум ташҳис билан уни эсанкиратиб қўяди. Маълумки, гематома деб шикаст, жароҳатдан кейинги тўқималарда қон йиғилишига айтилади. Шу ўринда савол туғилади: қон қаерда тўпланади. Гематоманинг ҳосил бўлишига сабаб нима? Энди нима қилиш керак? Мавзу юзасидан олий тоифали гинеколог-эндокринолог Хулкар РАВШАНОВА жавоб беради.
ҲАММАСИГА ЯЛЛИҒЛАНИШ САБАБЧИ
Ҳомиладор аёлнинг бачадон шиллиқ қавати кичик қон томирларининг зўриқишидан қонталаш ҳолатга келиб, атрофдаги юмшоқ тўқималарга тарқалади. Гематоманинг катта-кичиклиги ва келиб чиқиш сабабларига қараб, ҳомиладор аёл шифокор назоратига олинади. 90 фоиз ҳолатда бола сақлаб қолинади.
Гематома юзага келишида қуйидаги омиллар сабаб бўлиши мумкин:
* Ҳомиладорлик пайтида ўзини асрамай, оғир жисмоний ишлар билан шуғулланиш, мисол учун оғир юк ташиши, сакраш;
* Аввалги ҳомиладорликда аборт қилингани;
* Олдинги туғруқнинг асоратли ўтгани;
* Бачадон ички муолажалари;
* Кўп тугунли миома, эндометриоз касалликлари;
* Организм иммун тизимининг сусайиши;
* Шикастланиш ва жароҳатлар.
БЕЛГИЛАРИ
Аёл жинсий аъзоларида баъзан санчувчи оғриқ сезади. Қиндан жигарсимон ажралма келади. Йўлдош кўчиши кучли бўлса, қиндан қон келиши мумкин.
ХАВФИ НИМАДА?
Биринчидан, айтиб ўтганимиздек, йўлдош гематомаси эрта босқичда ҳомила тушиши, туғруққа яқин жараёнда эса ҳомиланинг яхши ўсмай, боланинг кам вазнда туғилиб , хомиладорлик даврининг асоратли ўтишига сабаб бўлади.
Шифокор УТТ текшируви ва умумий кон таҳлилини буюради. Ҳомила муддатига караб унинг ҳолатига баҳо бериш максадида допплерометрия текшируви қўлланилади.
ДАВОСИ БОРМИ?
Бўлажак она шифокорнинг динамик (узлуксиз) назорати остида бўлиши керак. Аёл оғир жисмоний ҳаракатлар ва жинсий ҳаётни чегаралаши лозим. Тез ва енгил ҳазм бўлувчи маҳсулотлар, мева, сабзавот ва кўкатли салатлар, майизни дамлаб кун давомида истеъмол килиши фойдали. Даволашда гематомани сўрдирувчи дармондорилар, қон кетишини тўхтатувчи воситалар, йўлдош фаолиятини яхшиловчи, ҳомилани гипоксиядан асровчи, оғриқни қолдирувчи препаратлар қўлланилади.
Таомномага аҳамият беринг
Овқатланишда кўпроқ сули, буғдой ёрмасидан тайёрланган бўтқалар истеъмол қилиш, шарбат ва сут ичиш фойдали.
Бу вазиятда аёлни В гуруҳ витаминлари қўллаб туради. Бунинг учун тухум сариғи, балиқ, калла-поча, кўкатлардан исмалоқ, кашнич, ўстирилган буғдой, жигар, ерёнғоқ, парранда гўштини кўп истеъмол қилиши керак. Лекин ични қотирувчи оқ нон ва пишириқлар, хамирли таомлар, аччиқ чой ва қаҳвани қабул қилмаган маъқул.
Эслатма: йўлдош гематомасида аёл шифокорга ўз вақтида мурожаат қилсагина, ушбу муаммо ижобий ҳал бўлади. Бу дегани аёл кун бўйи ҳаракатсиз ётиши керак, дегани эмас. Аксинч,а кун давомида одатий уй юмушларини бажариши мумкин. Бу кераксиз чиқит моддаларнинг тезроқ организмдан чиқиб кетишга ва гематоманинг сўрилишига хизмат қилади. Лекин оғир зўриқиш ва кескин ҳаракатлардан ўзингизни асрашингиз кераклигини унутманг.
Манба: «Sug'diyona» газетаси