АсосийJamiyat

​ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАЛАРИ КЕЛАСИ ЎҚУВ ЙИЛИДАН БОШЛАБ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

'​ЯГОНА МАКТАБ ФОРМАЛАРИ КЕЛАСИ ЎҚУВ ЙИЛИДАН БОШЛАБ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ'ning rasmi

Бугун "Халқ таълими: ислоҳотларнинг янги босқичи" мавзусида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси ташкил этилди. Унда халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, вазир ўринбосари Алишер Саъдуллаев, таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Кенжаев, таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров қатнашди, деб хабар беради "Uz24.uz"

Сессияда умумтаълим мактабларида ягона форма жорий этилиши юзасидан берилган саволга халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов қуйидагича жавоб берди:

— Ҳар бир таълим муассасининг ўз ички тартиб-қоидалари, одоб-аҳлоқ кодекслари бўлади. Президентимизнинг асосий мақсадлари шуки, ўқувчи ўқувчидай ажралиб турсин, улар орасида ижтимоий тенглик сақлансин, ташқаридан қараганда, ўқувчининг қиёфаси ажралиб турсин, улар ўртасидаги муҳит бир хил бўлсин. Мана шу мақсадларда ягона формага ўтиш кераклигини таъкидладилар.

Бизда шу кунгача мактаб формалари бор, уларни ҳар бир мактаб ўзлари ота-оналар билан келишиб қабул қилишади. Лекин уларнинг сифатига кафолат йўқ, улар соғлиққа зарарли матолардан тайёрланяпти, баъзилари чет элдан келтирилмоқда.

Президентимиз ягона формаларни ўзимизда ишлаб чиқариш, дизайни ва қулайлигига эътибор бериш кераклиги бўйича топшириқлар берди. Келаси ўқув йилигача енгил саноат, модельер мутахассислар билан биргаликда ва албатта ота-оналарнинг фикрларини инобатга олиб, камида 8-10 хил моделдаги формалар тайёрланади. Бу формаларнинг нархлари ҳисоб-китоб қилинади, кенг жамоатчиликка тақдим этилади ва шундан кейин келаси ўқув йилидан жорий этилиш кўзланган.

Ота-оналарга бир қанча қулайликлар берилади, яъни формаларнинг 50 фоиз қиймати кредит ҳисобида тўланади. Формани олаётган пайтда 50 фоизини, қолган қисмини ўқув йили давомида тўлаш тартиби ҳам кўриб чиқилмоқда.

Ўйлайманки, тавсия этилаётган формалар ўқувчилар орасида ижтимоий тенгликни сақлашда, уларнинг ташқи томондан бир-биридан ажралиб турмаслигида, одоб-аҳлоқида катта аҳамиятга эга бўлади. келугсида бу ўзининг ижобий натижаларини беради, деб ўйлайман.

    Бошқа янгиликлар