18 август куни Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» ва «ж» бандларида (икки ёки ундан ортиқ шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи М.Мусаев ушланди, деб хабар беради Тошкент вилояти прокуратураси.
Суд томонидан М.Мусаевга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эхтиёт чораси қўлланилди.

Муқаддам жорий йилнинг 15 август куни вилоят прокуратураси томонидан Тошкент вилояти Зангиота тумани «Туробобод» маҳалласи Туркистон кўчаси 15-уйда М.Комилов (1938 й.т.), Ш.Комилова (1951 й.т.) ва Ш.Абдиеваларнинг (1967 й.т.) қасддан ўлдирилганлиги ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Жиноят иши бўйича М.Мусаевга нисбатан қидирув эълон қилинган.
Жиноят мазкур маҳаллада ўрнатилган кузатув камераси орқали ёзиб олинган видеотасвир ёрдамида фош этилган (ҳозирги вақтда Тошкент вилояти прокуратураси ташаббуси билан вилоят ҳудудида ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида 10 мингдан зиёд видеокузатув мосламалари ўрнатилган).
Ҳозирги вақтда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 16 август куни ижтимоий тармоқларда номаълум шахс Зангиота туманида бир оиланинг уч вакилини шафқатсизларча ўлдиргани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлган эди.






