"Қизим ҳозирда талаба, Қашқадарё вилояти, Деҳқонобод туманида доимий рўйхатга олинган. 4 йилдан буён Тошкент шаҳри, М.Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли кўчаси, 421-уй, 41-хонадонда яшайман. Бу уй менинг номимда. Мен шу уйга қизимни пропискага қўйсам бўладими? Мирзо Улуғбек туман ИИБга мурожаат қилсак, пропискага қўйилишга рухсат берувчи буйруқнома келмаган, дейишди. Буйруқнома қачон келади?"
Майрам Ҳакимова, Тошкент шаҳри
Бадриддин ШОРИХСИЕВ, ИИВ Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлиштириш бошқармаси бошлиғи:
- Маълум қиламизки, фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий пропискага қўйиш Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 14 сентябрдаги "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида"ги Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 16 февралдаги "Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида"ги 41-сонли қарорига асосан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 41-сонли Қарорида ушбу қонун билан тасдиқланган рўйхатда назарда тутилмаган шахслар тоифаси Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига доимий прописка қилинмасликлари белгилаб қўйилган.
Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати 2-бандида белгиланганишича, қариндошлар — ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига қилиниши мумкин.
Агарда, М Ҳакимова ушбу Қонундан олдин Тошкент шаҳрида доимий прописка қилинган бўлса, ушбу фуқаронинг қизи Рўйхатнинг 2-бандига мувофиқ, Тошкент шаҳрида доимий пропискада туриш учун, яшаб турган манзилидаги туман ИИБнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилиши мақсдага мувофиқ.






