Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлдаги "Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида"ги 528-сонли қарори чоп этилди. Мактабгача таълим муассасаси (МТМ) фаолиятига доир қоидалар “Norma.uz” сайтида эълон қилинди.
Ҳужжат билан мактабгача таълимга тааллуқли бўлган 4 та низом тасдиқланди.
МТМ мақсадлари қуйидагилардан иборат:
- болаларни ҳар томонлама интеллектуал, аҳлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш;
- болаларни таълим ва тарбия орқали мактабга сифатли тайёрлаш;
- болаларни мактабгача таълимга жалб қилиш.
Давлат мактабгача таълим муассасасида беш кунлик иш ҳафтаси учун, қоида тариқасида, қуйидаги иш тартиби жорий этилади:
- 12 соатли;
- 10,5 соатли;
- 9 соатли;
- 4 соатли.
Давлат мактабгача таълим муассасасига 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар қабул қилинади (аввал бу кўрсаткич 2-6 ёшни ташкил қилган, алоҳида ҳолатларда 7 ёшгача қатнашга рухсат берилган).
Болаларни МТМларга қабул қилиш учун қабул комиссиялари тузилади. Ушбу комиссиялар 5 нафар кишидан иборат бўлади.
- қабул комиссияси раиси — халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлими мудири;
- қабул комиссияси аъзолари — давлат мактабгача таълим муассасаси мудири, методисти ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакили.
- қабул комиссияси котиби — халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимининг мактабгача таълими бўлими мутахассиси.
Давлат МТМларига йўлланма олиш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар (кейинги ўринларда ота-оналар деб аталади) томонидан қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:
- давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш бўйича йўлланма бериш тўғрисида ариза;
- боланинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасининг нусхаси;
- боланинг отаси ёки онасининг паспорт нусхаси;
- яшаш жойидан маълумотнома;
- ота-онасининг иш жойидан маълумотнома (агар ишласа).
Тақдим этилган ҳужжатлар қабул комиссияси томонидан етти кун муддатда кўриб чиқилиб, қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:
- болани ота-оналар томонидан ёзилган аризада кўрсатилган давлат мактабгача таълим муассасасига қабул қилиш учун йўлланма бериш тўғрисида;
- ота-оналар томонидан ёзилган аризада кўрсатилган давлат мактабгача таълим муассасасида бўш ўрин бўлмаган ҳолларда топширилган ҳужжатларни навбатга қўйиш тўғрисида;
- ота-оналар томонидан ёзилган аризада кўрсатилган давлат мактабгача таълим муассасасида бўш ўрин бўлмаган ҳолларда, ота-оналарнинг хоҳишига кўра тегишли ҳудуддаги бўш ўрин (жой) мавжуд бўлган бошқа давлат мактабгача таълим муассасасига йўлланма бериш тўғрисида.
Қабул комиссиясининг қарори ҳақида уч кун муддатда ариза берувчиларга маълум қилинади.






