АсосийDunyo

ҲИНДИСТОН КАСАЛХОНАЛАРИДАН БИРИДА КИСЛОРОД ТАЪМИНОТИ ТЎХТАТИЛГАНИ УЧУН 60 НАФАР БЕМОР БОЛА ҲАЛОК БЎЛДИ

'ҲИНДИСТОН КАСАЛХОНАЛАРИДАН БИРИДА КИСЛОРОД ТАЪМИНОТИ ТЎХТАТИЛГАНИ УЧУН 60 НАФАР БЕМОР БОЛА ҲАЛОК БЎЛДИ'ning rasmi

Ҳиндистоннинг шимолий қисмида жойлашган Уттар-Прадеш штатида жойлашган касалхонанинг реанимация бўлимида даволанаётган энцефалит касаллигига чалинган бемор болалар, янги туғилган чақалоқлар кислород заҳираси тугаганлиги туфайли ҳалок бўлди, деб хабар берди Lenta.ru нашри.

Болалар беш кун давомида Горакхпур туманидаги Баба Рагхав Дас касалхонасида азоб чекишди. Ҳаёт билан таъминловчи, ўпкага сунъий ҳаво етказувчи аппаратга кислород учун пул тўланмаганлиги боис бемор болалар ҳалок бўлди.

Касалхонада бемор болаларнинг ота-онаси саросимага тушиб, тиббиёт ходимларига ёрдам бериш мақсадида сунъий нафас берувчи аппаратни қўлда ишлатишга ҳаракат қилишди, аммо болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.

Штат маъмурияти ҳақиқатан ҳам сунъий нафас олиш аппаратига кислород беришни тўхтатганлигини тан олганига қарамай, бу воқеа болаларнинг оммавий равишда ҳалок бўлишига сабаб бўлганлигини рад этишди. Муниципалитет вакили Анил Кумарнинг сўзларига қараганда, кислород билан таъминловчи компанияда ҳақиқатан ҳам тўлов билан боғлиқ муаммолар юзага келган. Аммо аксарият болаларнинг аҳволи оғир бўлганлиги учун вафот этганликларини билдирди.

Штатнинг соғлиқни сақлаш вазири Сидхартх Натх Сингх ҳам болаларнинг оммавий равишда ҳалок бўлиши кислород танқислиги туфайли юзага келмаган, деган фикрни билдирди. Унинг маълумот беришича, сўнгги уч йил мобайнида касалхонада кунига 19 нафардан 22 нафаргача бемор оламдан ўтади.

BBC News нашрининг маълумот беришича, бўлиб ўтган воқеа хунрезлик, деб аталган. Оппозиция мазкур ҳодисада бош вазир Нарендра Модининг Уттар-Прадеш ҳукуматида фаолият юритаётган “Бхаратия жаната” партиясини айблади. Штат вакиллари ҳодиса юзасидан тергов ишлари бошланганлигини маълум қилди. Модининг бошқарув аппарати Twitter саҳифасида ҳукумат раҳбари вазиятни кузатиб бораётгани ҳақида хабар берди.

Уттар-Прадеш Ҳиндистоннинг энг камбағал штати ҳисобланади. Мазкур штатда йилига юзлаб болалар турли касалликлардан вафот этади.

    Бошқа янгиликлар