Буркина-Фасонинг пойтахти Угадугу шаҳрида қуролланган жангарилар ресторанга ҳужум қилди, айни пайтда гаровга олинганларни озод қилиш операцияси давом этмоқда, деб хабар берди Ntv.ru нашри.
Қуролланган террорчиларнинг турк ресторанига қилган ҳужуми оқибатида 17 киши ҳалок бўлди, 8 киши яраланди. Ҳукумат аҳолини хотиржамликни сақлаб, уйдан чиқмасликка чақирди.
Буркина-Фасонинг алоқа вазири Реми Данжину берган маълумотга кўра, махсус отряд ходимлари ҳужум қилган уч нафар жангарини йўқ қилган. Мазкур ҳодиса теракт, деб баҳоланмоқда. Гаровга олинганларни озод қилиш операцияси давом этмоқда. Ҳужум қилган жангарилар сони ҳозирча маълум эмас.
Шаҳарда бир неча соатдан бери отишма овози тўхтагани йўқ. Шаҳарнинг мраказий кўчалари полиция ва махсус хизмат ходимлари томонидан ўраб олинган. ОАВлар ва ижтимоий тармоқлар гувоҳлар томонидан воқеа жойидан суратга олинган кадрларни чоп этмоқда.






