"Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фондини ташкил этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.
Жамиятимиз ҳаётида, ёш авлодни Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашда маданият, санъат ва оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бораётганини ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимиз ижодкор зиёлиларининг салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш учун уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадидаЎзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бастакорлар уюшмаси, Ўзбекистон Рассомлар ижодий бирлашмаси, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг Ўзбекистон ижодкорларини қўллаб-қувватлаш “Илҳом” жамоат фонди ташкил этилади.
“Илҳом” жамоат фонди ҳисобрақамига давлат бюджетидан 20 миллиард сўм маблағ ўтказиб берилиши ижодий муассасалар фаолиятини янада яхшилаш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишини таъминлашга қаратилган.
Қарорда Фонд томонидан молиялаштириладиган ижодий уюшмалар ва бирлашмалар аъзоларининг тўлақонли дам олиши учун шароитлар яратиш масаласи ҳам инобатга олинган. Шу мақсадда Ўзбекистон Бадиий академиясининг Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Сойлиқ қишлоғида жойлашган "Оқтош" ижод уйи Фонд бошқарувига ўтказилиб, бу ерда барча ижодий уюшма ва бирлашмалар аъзоларининг тўлақонли дам олиши учун зарур шарт-шароитлар яратилиши белгиланган.






