Президент Шавкат Мирзиёевни юбилейи билан чет давлатларининг раҳбарлари қутлашмоқда.
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлатимиз раҳбарини телефон орқали табриклади.
Суҳбат жараёнида Россия Президенти Шавкат Мирзиёевга мамлакат раҳбарлигида муваффақият тилади, дея хабар берди Кремль матбуот хизмати. Шу билан бирга Президентлар 4-5 апрель куни Ўзбекистон Президентининг Россияга қилган ташрифи чоғида сўз юритилган икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш каби долзарб масалаларни ҳам муҳокама этишди.
Шу билан бирга давлатимиз раҳбарига табрик телеграммаси ҳам юборилди.
“Сиз Ўзбекистон Республикаси олдида турган долзарб муаммоларни ҳал этувчи, мамлакат ривожига ҳисса қўшувчи инсон сифатида нафақат ҳамюртларингиз орасида, балки чет элларда ҳам тажрибали ҳамда узоқни кўра олувчи давлат раҳбари сифатида ном қозонгансиз. Россия ва Ўзбекистон ўртасида стратегик ҳамкорлик ва иттифоқни йўлга қўйиш бўйича юритган принципиал сиёсатингизни юқори баҳолаймиз. Келажакда ҳам Россия ва Ўзбекистон ўртасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатли, дўстона, самарали натижаларни қўлга киритиш ишларида ҳамкорликни давом эттиришдан умидвормиз.”
Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин.
Беларус Республикаси раҳбари Александр Лукашенко ўз номасида қуйидагиларни билдирди:
“Беларусда сизни ўз фуқаролари томонидан кучли қўллаб-қувватланадиган, мамлакати равнақи, иқтисодиётини мустаҳкамлаш йўлида, халқаро обрўга эга тажрибали ва ақлли давлат арбоби сифатида яхши билишади. Иккитомонлама ҳамкорлигимизнинг ривожланиши Беларус ва Ўзбекистоннинг миллий манффатларига мослигига ва келгусида ҳам кўптомонлама муносабатларни ривожланишига ишончим комил.”






