14.08.2013 22:37
Болалар театр студиясига кастинг давом этмоқда
Болалар театр студиясининг биринчи катта лойиҳаси “Қирол шернинг қайтиши” мюзикли бўлади. Ушбу янги лойиҳа ташкилотчилари Фонд Форум ва “Аёллар кенгаши” Республика жамоат бирлашмаси ёшларга ўз истеъдодларини намоён этиш имконини яратиш мақсадида шу ишга қўл урди.
Болалар театр студиясига ҳужжатларни қабул қилиш 1-10 август кунлари ўтказилди. Кастинг жараёнида ҳакамлар ҳайъати аъзолари ёш иштирокчилардан қўшиқ куйлаб бериш, шеър айтиш, берилган мавзу бўйича импровизация намойиш этиб беришни сўрашмоқда.
Теарт студиясида болалар ёшига қараб 2 та блокда 4 та гуруҳга бўлинган ҳолда таълим олишади: 1-блок: кичик ёшли болалар гуруҳи (5-6 ёшлилар), ўрта ёшли болалар гуруҳи (7-10 ёшлилар), катта ёшли болалар гуруҳи (11-15);
2-блок: ўсмирлар гуруҳи (15-20 ёшлилар).
Теарт студияси ўқув дастурига вокал, хореография, актёрлик маҳорати, сценаристлик, сценография ва бошқа дарслар киритилган.
Эслатиб ўтамиз, болалар импровизациялашган театри лойиҳаси 2005 йилда Гулнора Каримованинг болалар мюзикли яратиш ғояси асосида пайдо бўлган эди. Унга дунёга машҳур “Қирол шер” мультфильми асос бўлган. Мюзикл дебюти пойтахтимизда ўтказилган ва тамошабинларда катта қизиқиш уйғотганди.
Кейин актёрлар жамоаси билан бутун Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб гастроль сафарлари уштириш ғояси пайдо бўлди. Бу гастроль сафарлари хайрия иши сифатида уюштирилди. Мақсад мамлакатимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган болаларга, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчиларига ўз кучи билан ҳам ҳақиқий спектакль яратиш, ҳар бир боладаги истеъдод учқунларини оловлантириш мумкинлиги кўрсатиш бўлган.





