АсосийJamiyat

​Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

'​Ўзбекистонда сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти ПФ-5060-сонли фармони билан Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлади.

Бу ҳақда Давлатимиз раҳбарининг расмий сайти хабар берди.

Халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига амал қилган ҳолда, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 22-бандига мувофиқ сиёсий бошпана бериш масаласи Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳал этилади.

Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва нормаларига асосан, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ҳамда ушбу Низомга мувофиқ берилади.

Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана ўзининг фуқаролиги бўйича мансуб давлатда ёки доимий яшаш жойида ижтимоий-сиёсий фаолияти, диний эътиқоди, ирқий ёки миллий мансублиги учун таъқиб қилинаётган ёки таъқиб қилишнинг жабрланувчиси бўлишига реал таҳдиддан, шунингдек халқаро ҳуқуқ нормаларида назарда тутилган инсон ҳуқуқлари бузилишининг бошқа ҳолатларидан бошпана ва ҳимоя излаётган шахсларга ва уларнинг оила аъзоларига берилади.

Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана берилган шахс ва унинг оила аъзолари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларида белгиланган Ўзбекистон Республикасида доимий яшаётган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлардан фойдаланади ҳамда мажбуриятларга эга бўлади.

Фармонда Ички ишлар вазирлиги Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат персоналлаштириш маркази билан биргаликда икки ой муддатда Ўзбекистон Республикасида сиёсий бошпана бериш учун мурожаат қилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик маълумотлар базаси шакллантирилади.

Бошқа янгиликлар