АсосийSUG'DIYONA

“Семизман, хунукман, ёмон эрга чидайман...”​ ишончни сундирувчи комплекслар ҳақида...

'“Семизман, хунукман, ёмон эрга чидайман...”​ ишончни сундирувчи комплекслар ҳақида...'ning rasmi

Ўзимиз ўйлаб топган муаммолар – комплекслар кишининг ишончини сўндирувчи омиллардан саналади. Мен улардан ҳолиман, дейсизми? Келинг, ташқаридан бир назар ташлаймиз. Агар ўзингизда бу белгиларни сезмасангиз, нур устига аъло нур. Аксинча бўлса... Ўқиганларингизни комплекслардан озод бўлиш йўлидаги биринчи қадам сифатида қабул қилаверинг.

ЖИСМОНИЙ КОМПЛЕКСЛАРИМИЗ

Нимгадир, кўзгуга назар ташлаган ҳар бир аёл ўзидан ақалли битта бўлса-да, айб топади. Атрофдагиларнинг бирортаси бу нуқсони пайқамаса ҳамки, унинг ўзига бу катта муаммо бўлиб кўринаверади. Мана улардан энг кўп тарқалгалари:

Мен семизман

Қоматга нисбатан эътирозлар доим биринчи ўринда турган. Энг кетворган, сарвқомат санамлар ҳам “фигура”си бундан-да чиройлироқ бўлишини истайди. Турли парҳезлар билан танасини қийнаб, ҳар хил либослар остига қоматини яширишга уринади.

Аслида эса

Бизнинг замонамизда гўзалликнинг қатъий қонун-қоидаси йўқ. Ишонмайсизми, шоу-бизнес юлдузларига боқинг. Дрю Бэрримор ёки ўзимизнинг Ҳалимахоним нақадар талабгир актрисалар. Эркакларнинг фикрича, аёл кишидаги жозиба унинг семиз-озғинлиги билан белгиланмайди, аксинча, ноз билан гапириб, карашма билан юрган хонимлар кучли жинс вакиллари эътиборини кўпроқ жалб қилар эканлар.

Бўйим узун

Яна бир комплексимиз бўй билан боғлиқ. Бўйи баланд бўлса ҳам – бир нави, паст бўлса ҳам. Новчадан келган қизлар ёшликданоқ «лайлак» деган лақабдан қўрқиб букчайиб юрадилар, камига пошнали пойафзални ўзларига душман санайдилар. Жуссаси кичкинасичи? Мактабда уни «пакана» деб масхара қилишган ва у баланд бўйли тенгдошларига хавас қилиб юрган.

Аслида эса

Тўғри, одатда бўйимизга қараб умр йўлдош танлаймиз. Ундан бўйим баланд (ёки жуда паст) бўлиб қолса-я, деб қўрқамиз. Аммо, буни қарангки, баланд бўйли эркаклар одатда кичкинагина аёлларни хуш кўришар экан, паст бўйлилар эса новчагина, қўл оёқлари узун санамларга эътибор қаратишаркан. Сизга бир сирни очамиз, бўйнинг муваффақиятга умуман таъсири йўқ. Демак, бор бўйингиз билан фахрлансангиз арзийди.

Хунукман

Пешонам катта, юзим узунчоқ, бурним япалоқ, лабим ингичка... Хуллас, ҳар қандай аёл кўзгугадаги аксига қараб ҳаёлидан ўтказадиган гаплар. Хўш, ундай бўлса айтингчи, замонавий косметологик воситалар бекорга ўйлаб топилганми? Профессионал визажист сеҳрли чўткалари ёрдамида ҳар кимни ҳам паривашга айлантира олади. Бундан фойдаланиб қолмаслик айб эмасми?

Аслида эса

Биз яширишни истаётган аксар камчиликларимиз эркаклар назарида фазилат бўлиб кўриниши хеч гап эмас. Устига-устак, улар ҳеч нуқсонсиз қўғирчоққа ўхшаган гўзалларни эмас, бирон ўзига хос жиҳати бор аёлларни осонроқ эслаб қоладилар. Масалан, ҳолливуднинг энг сертабассум гўзали – Жулия Робертс ёки юнонларга хос қиёфага эга Барбара Стрейзандни олиб кўринг. Уларнинг ҳеч бири гўзалликнинг бетўхтов чайналган стандартларига мос келмасада, ташқи кўринишидан мамнун.

МАЪНАВИЙ КОМЛЕКСЛАР

Баъзида комплексларимиз домида қолиб кетганимизни ўзимиз ҳам сезмаймиз. Аммо айнан шу яширин муаммоларимиз туфайли шахсий ҳаётда бахтга, ишда эса муваффақиятга эришолмаётган бўлишимиз мумкин.

Кулойим комплекси

Орзулар оламида яшовчи қиз. Унинг эркаклар ҳақидаги тасаввури фақат ишқий достонлару романтик фильмлар асосига қурилган. Ўша асарларда тасвирларган ҳеч бир нуқсонсиз йигитни кутадилар.

Аслида эса

Энг яхшисини кутиб, умрни ўтказиб юбораётган дилбарнинг ҳақиқий ёри шундоққина ёнгинасида юрган бўлиши мумкин. Кулойимнинг узоқни кўзлаб тузган режаларига бу йигит негадир кирмаган, чунки, у шаҳзода ролига муносиб эмас-да. Эркаклардан ҳаддан ортиқ кўп нарса талаб қилиб бўлмайди. Имкон бермасангиз, унинг фазилатларини қаёқдан биласиз, ойимқиз? Балки шу ёнгинангиздаги йигит сизни маликалардек эъзозлай оладиган шаҳзодадир ва айнан у билан ҳаётингиз эртакдагидек ўтар. Унга яхшилаб бир қараб кўринг-чи...

Амазонка комплекси

Бу ўзига ҳадданташқари ишонган аёллар комплексидир. Ишбилармон, ўзига ишонган аёлнинг оилада ўз тизгинини эрига тутқазиши қийин масала. Шу сабабли оилавий ҳаётда муаммолар юзага келаверади.

Аслида эса

Энг қатъиятли аёл ҳам кучли бир эркакнинг елкасига бош қўйиб, унинг паноҳида ўзини ожиз сезгиси келади. Лекин негадир, бундай эркаклар ҳадеганда учрайвермайди. «Хотиним ҳаммасини ўзи эплаяпти-ку» деб жон койитмайдиганлар эса ҳар дарахтдан тўкилгудай. Шу сабабли эркак кишининг олдида куч ва иродангизни намоён қилавермай, бироз ёрдамга муҳтож бўлиб кўринг, натижаси, албатта, сизга маъқул келади.


Қурбон комплекси

Аёллар табиатан атрофдагиларга, айниқса эркакларга нисбатан эътиборли ва зийракроқдирлар. Кимгадир ғамхўрлик қилиш қонимизда бор хислат. Аммо баъзида бу хислат ҳаддан ортиб, касаллик даражасида намоён бўлади. Яъни бўлар-бўлмасга ўзини қурбон қилавериш касаллиги. Масалан, ичавериб, уравериб эри жондан тўйдирган аёлга дугоналари: «Сенга нима зарур, бўлди, кет, ажраш, ўз жонингни ўйла» десалар, аёл: «Уни қандай ташлаб кетаман, менсиз тамом бўлади-ку» деб жавоб беради ва қийналиб юраверади. Эрсиз қолган аёл бошқа турмуш қуришни ўйламай, бир ўзи фарзандини катта қилаверади: «ҳозир фақат болам ҳақида ўйлашим керак». Ахир, қачон ўзингизни ҳам ўйлайсиз, аёллар?!

Аслида эса

Яқинларига ғамхўрлик қилиш – хайрли иш. Аммо кўр-кўрона ғамхўрликнинг ҳам чегараси бор. У инсон нақадар қадрли бўлмасин, ўзни қурбон қилавериш ярамайди. Балки ишни шу қурбонликиз, яхши бир тадбир билан осон ҳал этиш мумкиндир. Аёл вазиятдан чиқишнинг бошқа йўлларини ҳам излаб кўриши керак. Масалан, урадиган эр билан руҳшуносга бориш, ичишни бошлаганини эса наркологга кўрсатишни ортга сурманг. ҳаётдан завқланиб яшанг, ана ўшанда атрофингиздагиларга ҳам бахт улаша оласиз. Асабий эркакларга тинчлантирувчи дамламалар ҳам ёрдам бериши шубҳасиз.

Шаҳина тайёрлади.

    Бошқа янгиликлар