2017 йил 11 апрель куни баҳор мавсумининг сўнгги – Тошкент – Жидда йўналиши бўйича кетган ўзбекистонлик зиёратчилар умра арконларини тўлиқ бажариб, соғ-саломат она юртимизга қайтдиб келдилар.
Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳи кутиб олишди. Зиёратчиларимиз 10 кун давомида Саудия Арабистонининг Макка ва Мадина шаҳарларида бўлиб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдилар.
20 февраль кунидан 11 апрель кунига қадар ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра сафарлари ташкил этилди.
Кузатиш ва кутиб олиш тадбирлари Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида амалга оширилди. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлишини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилди. Зиёрат 10 кунни ташкил этди. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 8 нафар ишчи гуруҳи, 27 нафар шифокор ва 8 нафар ошпаз хизмат кўрсатдилар.
Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларга қулайлиқ яратиш мақсадида Ҳарамга олиб бориш ва қайтариб олиб келиш учун шинам автобуслар шунингдек, меҳмонхоналарда узлуксиз навбатчилик ташкил этилди. Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган тўрт юлдузли “Мавадда Нур”, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 800 метр узоқликдаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари хизмат кўрсатди.
“Умра-2017” баҳор мавсуми муваффақиятли якунланиб, унда Республикамиздан жами 5500 нафар фуқаро умра амалларини бажариб, қайтдилар. Зиёратдан қайтган фуқароларимиз яратиб берилган шароитлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳукумати ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси номига ўз миннатдорчиликларини билдириб, Ватанимиз равнақини тилаб дуолар қилдилар.






