Машҳур хонанда Наргиз Зокирова Украина ҳукумати томондан қамоққа олиниш хавфи туғилганлиги туфайли Одессада ўтказилиши режалаштирилган икки концертини бекор қилди, деб хабар берди Tvzvezda.ru нашри.
Хонанда ўзининг Instagram саҳифасида мазкур ҳолатдан ғазабланганини яширмади:
“Мен шонли Одесса шаҳрининг барча аҳолисига мурожаат қилишни лозим топдим. Минг афсуслар бўлсинким, мен ва жамоам сизнинг шаҳрингизда ўтказилиши режалаштирилган концертимни бекор қилишга мажбур бўлдик. Айни пайтда аксарият Украина ОАВлари агар сизнинг шаҳрингизга борадиган бўлсам, қамалишим мумкинлиги ҳақида ёзмоқда. Бундан қанчалик жаҳлим чиққанлигини айтишга тилим ожиз! Менимча бу ҳодисаларнинг бари “Евровидение” мусиқий танлови атрофида бўлаётган чигал вазиятга боғлиқ, балки адашаётгандирман”, - деб ёзди Наргиз.

Бундан илгари Украина ОАВларида маҳаллий жамоатчилик Наргиз Зокировани қамоққа олиш тўғрисида миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилгани ҳақида хабар берилган эди.






