ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи “А” гуруҳи 7-туридан ўрин олган Ўзбекистон – Қатар (1:0) учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Самвел Бабаян ўз фикрларини билдириб ўтди.
“Муҳим учрашув ўтказдик. Ғалаба биз учун керакли эди ва биз бунга эришдик. Қимматли уч очкога эга бўлдик. Бизни қўллаб-қувватлаган мухлисларга ташаккур айтмоқчиман. Ўйиндан олдин рақибнинг ўйинини инобатга олган ҳолда стандарт вазиятларга тайёрлангандик.
Аввал ҳам айтиб ўтганимдек, ғалаба ва мағлубият бир-бирига яқин юради. Ғалаба қозондик, аммо таркибда муаммолар бор. Менинг Ўзбекистон клубларига эътирозим бор: “Пахаткор”, “Бунёдкор”. “Пахтакор”нинг бир йўла уч футболчиси жароҳат олганди: Сергеев, Андреев, Лобанов. Клублар билан жиддий иш олиб боришимиз зарур.
Ҳисобни очгандан кейин уни ушлаб туришга ҳаракат қилдик. Чунки Қатар терма жамоаси қанотларда кучли ўйин кўрсатади. Мерзляков бирорта ҳам ўйин ўйнамаганди. Йиғинда у керакли кўрсатмаларни олди. Футболчиларимга эътирозим йўқ, улар майдонда бор кучини берди.
Гуруҳда осон ўйинлар йўқ. Навбатдаги ўйин Эронда бўлиб ўтади. У ерда фақат ғалаба учун майдонга тушамиз. Хатто дуранг ҳам бизни қониқтирмайди” – деди Самвел Бабаян.
Эслатиб ўтамиз, мазкур учрашув олдидан аксарият ўзбекистонликлар ижтимоий тармоқларда мухлисларни стадионга бормасликка чақириб, ўзига хос бойкот акциясини ташкил қилганди. Шунга қарамай, Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги ўйинни кузатиш учун 34 минг мухлисга мўлжалланган "Бунёдкор" стадионига 20 минг ишқибоз ташриф буюрди.






