Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Турсунхон Худайберганов Наманган вилояти шаҳар ва туманларида ўтказаётган сайёр қабуллар давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари, аҳолини қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизм ва самарали усулларини жорий этиш йўлидаги амалий ишларидан бири сифатида кенг жамоатчилик эътиборини тортмоқда, дея хабар беради ЎзА.
Чуст туманида ташкил этилган сайёр қабулда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари, вилоят бошқармалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, Косонсой, Поп, Чуст туманлари ҳокимлари ва ушбу туманлар ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот идоралари мутасаддилари, тадбиркорлар, фахрийлар, ёшлар иштирок этди.
Сайёр қабулда Чуст, Косонсой, Поп туманларидаги фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари, кексалар, хотин-қизлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасига, давлатимиз раҳбарининг жойлардаги Халқ қабулхоналарига тушган ёзма ва оғзаки мурожаатларда кўтарилган масалаларга ечим изланди.
– Менинг қарамоғимда бўлган набирам университетнинг жисмоний тарбия факультетида тўлов-шартнома асосида ўқийди, – дейди косонсойлик меҳнат фахрийси Неъматжон Раҳматуллаев. – Тўлов борасида бироз қийналиб, халқ қабулхонасига мурожаат қилган эдим. Бугун ушбу қабулда туман раҳбарияти томонидан набирам номига банкда ҳисобрақами очилиб, ҳомийлик ёрдами бериш чораси кўрилгани айтилди. Бундай эзгу ишларнинг ташаббускори бўлган Президентимиздан миннатдормиз.
Сайёр қабулда фуқароларнинг уй-жой, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун ер майдони, кредит ажратиш, коммунал ва ижтимоий хизматларга тааллуқли турли мазмундаги мурожаатлари кўриб чиқилди, уларни бартараф этиш бўйича туман ҳокимлари ва тегишли мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Наманган вилоятида сайёр қабуллар давом этмоқда.






