2017 йилнинг 15 мартидан бошлаб Тошкент шаҳридаги 115 та чорраҳаларга ўрнатилган 883 та кузатув камералари қоидабузарликларни қайд этиб, уларга нисбатан жарима солиш тизими ишга туширилди. Бугун, 23 март куни Тошкент шаҳар ИИББда бўлиб ўтган брифинг чоғида камералар ишга туширилиши билан ҳайдовчилар томонидан содир этилаётган қоидабузарликлар сони камайгани айтилди.
Унга кўра, 15 март куни бир суткада 8 мингдан зиёд қоидабузарлик қайд этилган бўлса, бу кўрсаткич 22 март кунига келиб 2 мингтани ташкил этиб, қоидабузарликлар сони тўрт баробарга яъни 6 мингтага камайган. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълумот берди.
Шунингдек, камералар ишга тушганидан сўнг Тошкент шаҳрида одам ўлими билан боғлиқ ЙТҲлар сони ҳам икки баробарга қисқарди.
Мисол учун, 10 мартдан 16 мартга қадар 27 та ЙТҲ ва 3 та одам ўлими билан боғлиқ ҳолат қайд этилган бўлса, 17 мартдан 23 мартга қадар 14 та ЙТҲ ва 1 та одам ўлими билан боғлиқ ҳолат қайд этилган.






