3 март куни Шавкат Мирзиёев аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган таклифлар билан танишди. Унга кўра, мамлакатда никоҳни 21 ёшга етган шахслар ўртасида тузишни рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилади.
Қайд этилишича, юртимизда никоҳларнинг 40 фоизи 18–19 ёшдагилар ўртасида тузилмоқда. Бироқ халқаро ташкилотлар томонидан энг мақбул никоҳ ёши сифатида 21 ёш тавсия этилган. Бу ёшда шахслар, одатда, молиявий мустақилликка эришиб, оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлади.
Шу асосда қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан:
• 21 ёшга етганлар ўртасида никоҳ тузилишини рағбатлантириш учун молиявий қўллаб-қувватлаш жорий этиш;
• давлат божи бўйича имтиёзлар бериш орқали никоҳ шартномаси тузишни рағбатлантириш;
• никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузганлик учун жариманинг 15 фоизини бу ҳақда хабар берган шахсга бериш тартибини жорий этиш;
• эрта никоҳ ва 16 ёшгача ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ҳамда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига мажбурий хабар бериш тизимини йўлга қўйиш;
• ҳомиладор ёки 3 ёшгача фарзанд тарбияси билан банд талаба қизларга таълимни давом эттириш имконини яратиш.
Маълум қилинишича, давлат раҳбари ушбу ташаббусларни маъқуллаб, тегишли фармонни имзолаган. Шунингдек, янгиликларни кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилган.






