АсосийЖамият

Нега чустликлар келинга пичоқ беради? (Махсус фотоҳикоя)

Жасорат, қатъият, зодагонлик - Чуст пичоқлари тарихи, ясалиши ва бошқа пичоқлардан фарқлари нимада?

'Нега чустликлар келинга пичоқ беради? (Махсус фотоҳикоя)'ning rasmi

Бу анъана куёвнинг қатъиятини кўрсатади

Пичоқ – биз деярли ҳар куни фойдаланадиган буюмлардан бир. Халқ тилида ҳар бир эркакнинг ўзини пичоғи бўлиши кераклиги анъанага айланган гап бор. Юртимизнинг пичоқчилик шаклланган баъзи ҳудудлари, хусусан, Чуст тумани ва атрофларида пичоққа алоқадор анъана ва қадриятлар талайгина.

 

Масалан, бу ҳудудда тўй куни куйов тараф келин тарафга 2 та кичик ҳажмдаги пичоқ совға қилади. Пичоқлар келиннинг оғил бола жиянларига берилади. 

Бу анъана куёвнинг қатъиятини кўрсатиб ёш болаларга берилиши ана шундай фарзандлар кўрилишини ниятида берилади. Шунингдек, қадим анъаналарга риоя қилинадиган уйларда “бобомнинг пичоғи”, “отамнинг пичоғи” каби сўзларни эшитгансиз.

Одатда у пичоқлар жуда ўткир бўлади ва рўзғорда ишлатилмайди. Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида йигитлар вояга етгач унга пичоқ совға қилинади. 

Бу унинг энди масъулияти бўлиши ва эр йигит бўлганлигини кўрсатади. “Ҳар нарсанинг энг яхшиси бор” ибораси пичоқларда ҳам ўз исботини топган. Ҳозир “юқори сифатли пичоқ” деганда бевосита Чуст пичоғи хаёлга келиши табиий. Сиз ҳам бу пичоқлар ҳақида билсангиз керак?

Безатилган белбоғ пичоғи ҳарбий зодагонларнинг жасорат ва оқсуяклиги белгиси ҳисобланган

Наманганнинг Чуст туманида пичоқ қадим-қадимдан ясалади. Унинг тарихи милоддан аввалги VIII аср – Бибиона қадамжосидаги маҳаллий аҳоли пичоқчилик билан шуғулланган пайтларга бориб тақалади. XV асрга келиб эса бутун дунёга Чуст пичоғи номи ёйилди. асрларда сайқалланган ва мўл-кўл безатилган белбоғ пичоғи ҳарбий зодагонларнинг жасорат ва оқсуяклиги белгиси ҳисобланган. 

Пичоқнинг энг муҳим қисми – тиғ эмас, балки устанинг илҳом кучи билан ясалган дастасидир

Чустда пичоқчи усталарнинг шажаравий ҳунармандчилиги шаклланган. Узоқ вақт давомида туман марказида қуролсозларнинг тўртдан бири сузангарон (игнасоз – таҳр.) бўлган, махсус устахоналарда пичоқлар  ясалган.

Пичоқлар пишиқ металлдан тайёрлангани учун асосан ҳайвонларни сўйишда ишлатилади. Тиғига кўра толбарги, тўғри, ҳисори, эчки, бодомча; ҳажмига кўра ўрта суямли (суям – ёйилган кўрсаткич бармоқ учидан бош бармоқ учигача бўлган узунлик – таҳр.), кезлик, болапичоқ, чалабузар, мардона пичоқ турлари бор. 

Пичоқнинг энг муҳим қисми – тиғ эмас, балки устанинг илҳом кучи билан ясалган дастасидир. Пичоқ дастаси рангли ойналардан ишланган оддий пластмасса ёки плексиглас (органик шиша асосида олинадиган қаттиқ оптик шаффоф материаллар (пластмассалар)нинг умумий техник номи – ЎзМЕ)дан ясалган силлиқ ёки қовурғали бўлиши мумкин.

Қаттиқ ёғочли даста нафас олаётган, эгасининг қўлларини илиқ тутаётгандек гўё. Сопи фил, сайғоқ ёки кийик суягидан ясалган пичоқлар ҳам алоҳида қадрланади.

Қайрилма суякли тутқичлар рангли тош, садаф, марваридлар билан, металл тутқичлар эса ўймакорлик билан безатилади. Даста ҳамда тиғига нақшлар солинган, мўл-кўл безатилган пичоқлар гулдор, гулли ёки оқланган пичоқ деб номланади.

Пичоқларнинг нархи нимага боғлиқ?

Аҳаджон ака темирчилар сулоласининг еттинчи авлоди. Унинг устахонасига борганимда ўғли Хайрулло уста менга пичоқ ясаб кўрсатди. Фурсатдан фойдаланиб, жараённи бошдан охир суратларга муҳрлашга ҳаракат қилдим, усталарни тинмай саволга тутдим.

Усталарнинг айтишича, пичоқлар Ўзбекистон ичкарисидагина қолиб кетмасдан, бир қатор қўшни мамлакатларга ҳам экспорт қилинади. Уларнинг нархи эса ишлатилган материалига – сопининг қайси ҳайвон шохидан (сигир, кийик, архар, жайрон, сайғоқ, фил ва ҳ.к.), қандай ёғочдан (Ўзбекистон ёки бошқа мамлакатдан олиб келинганига, айнан қайси дарахтники эканлигига боғлиқ), оддий пластмасса ёки плексигласдан, тиғининг эса қайси металл туридан ясалганлигига қараб баҳоланади.

Аҳаджон уста оиласи пичоқ ясашда ёғоч эмас, ҳайвон шохларидан фойдаланар экан. “Чунки ёғоч вақт ўтган сари қуриб сифатини йўқотади ё нам тортиб ёрилиб кетади. Пичоқ учун шохларни Тошкентдаги овчилардан қонуний йўл билан олиб келамиз”, – дейди ҳунарманд.

 

Қандай пичоқлар совға қилинади?

Чуст пичоқларининг алоҳида ажралиб турадиган бир жиҳати тиғнинг ҳали сайқалланмаган юқори сифатли қора темирдан тайёрланиши экан. 

Чуст пичоғидаги “Чуст” ёзуви ҳамда ой-юлдузлардан иборат нақш аллақачон ушбу бренднинг азалий белгисига айланиб улгурган.

Усталарнинг айтишича, кўпчилик мижозлар совға учун махсус буюртмалар ҳам бериб туришади. Турли тилаклар ёзилган безакли пичоқ қимматбаҳо ва қадрли совға ҳисобланади. 

Қин пичоқ, ханжар ва шу каби бошқа асбобларни солиб қўйиш учун мўлжалланган ғилоф бўлиб, косиблар уни чарм ёки газламадан, баъзан тери ва ёғочдан ҳам тайёрлайди. Учи ва даста қисмига металл қадаб мустаҳкамланган қинлар турли бадиий ўйма ва тошли нақшлар билан безалади. Қинни безаш учун қуроқ, кашта, чеканка ва бошқалар ҳам ишлатилиши мумкин. 

Чуст пичоғи тайёрлашнинг алоҳида сир-синоати бор

2-3 кун давомида қуёш тиғида ёйиб қуритилган шохлар эговлаб, сайқалланади. Эритилган қора металл зарб билан урилиб тўғри пичоқ шаклига келтирилади, бир сувга, бир чўққа навбатма-навбат тиқиб обдон тобланади. Усталар таъбирича, “оби-тоби жойида” ибораси шундан келиб чиққан. Шу сабабли бу жараён меъёрида бўлиши керак. 

Қизиб турган, маълум бир шаклга келган металлга ёзув ва нақшли тамға урилади. Шунингдек, совғага буюртма қилинган пичоққа исм ва тилаклар буюртмачи талабига кўра заргарлик устахонасида ёзиб берилади. 

Ўйилган ёзув ва нақшга бор кислотасининг натрийли тузи – танакор сепилади. Ушбу шишасимон тиниқ кристалл модда асосан сир тайёрлашда, кимёвий идиш ва шишалар ишлаб чиқаришда, металларни кавшарлашда ишлатилади. Унинг устига мис бўлаги қўйилиб, чўғда эритилади.

Шу тариқа, нақшлар ялтироқ, тилларанг тусга киради. Тайёр бўлган тиғ эговланган, сайқалланган шох билан бирлаштирилади. Шохнинг металлдан ортиб қолган бўш қисми қотма елим билан зич қилиб тўлдирилади. 

Пичоқнинг яна бир эътиборга молик қисми тиғ ва тутқич ўртасидаги “ҳалала” (Гулбанд ҳақида гап кетяпти. Гулбанд – пичоқнинг дастаси ва тиғи бириккан жойга ўрнатилган махсус металл ҳалқа – таҳр.) ҳисобланади. 

“Ҳалаласи бўлган пичоқда сўйилган мол ҳалол бўлади, дейишган ота-боболаримиз. Ҳозир кўп қассоблар бунга эътибор бермайди ёки фарқига бормайди”, – дейди Аҳаджон уста.

Пичоқ тайёр ҳолатга келгунча тиғи қайта-қайта чархланаверади. Гулбанд ўймакорлик билан безатилади. Дастанинг орқа томонига ҳам гулбанддагидек металл қуйиб қотирилади ва нақш ўйилади. Пичоқнинг сопи анъанага биноан устанинг фантазиясига қараб безатилади. 

Чуст пичоғининг бошқа пичоқлардан яна бир фарқи – қора металл ранги сақланиб қолишида – у бошқа пичоқлардек кумушранг ва эгилувчан эмас.

Пичоқни пардозлаш ва безаш ишлари тугагач тиғи кул билан тозаланади, аввал оддий сувда, сўнг металлнинг асл рангини очадиган “зок” деган сарғиш тупроқсимон моддали сувда артилади – металл қорайиб ўз ҳолига қайтади. Усталарнинг айтишича, зокни Қирғизистоннинг Зоксой деган жойидан олиб келишар экан.

Ахаджон уста ҳозиргача Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келган 46 нафар шогирдга ҳунар ўргатган. “Ким ўрганаман деса келаверсин, ўргатаман. Ҳарна бир оила камбағалчиликдан қутулса, аёллари мардикорга чиқиб юрмаса”, – дейди куйиниб.

Пичоқчилик нафақат авлоддан-авлодга ўтиб, балки устоз-шогирд анъанаси асосида ҳам кенг тарқаляпти. Шунча давр ўтиб, Чуст пичоғини ясаш санъатида янги дизайнлар, усуллар пайдо бўляпти, лекин бу унинг на сифатига, на машҳурлигига салбий таъсир кўрсатмади.

Балки, шунгадир, Чуст пичоғи сифат ва гўзалликнинг уйғунлашуви намунаси, дея тан олинади.

 

Darakchi.uz учун махсус Фазилат Соиб

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Бекободда сувга ташлаб юборилган фуқаронинг жасади 80 кунда топилди'ning rasmi

    Жамият Бугун 13:05

    Бекободда сувга ташлаб юборилган фуқаронинг жасади 80 кунда топилди

    Тошкент вилоятининг Бўка–Бекобод йўлида ИИБ ходими томонидан уриб юборилиб, Дўстлик каналига ташлангани айтилган 43 ёшли фуқаронинг жасади 80 кун ўтиб топилди.

    'Қашқадарёда ҳалок бўлган ЙПХ инспектори билан хайрлашув ўтказилди'ning rasmi

    Жамият Бугун 12:58

    Қашқадарёда ҳалок бўлган ЙПХ инспектори билан хайрлашув ўтказилди

    Тошкент марказида хизмат вазифасини бажариш чоғида оғир тан жароҳати олиб вафот этган ЙПХ инспектори, кичик сержант Ҳосилбек Эшназаров Қашқадарё вилоятида сўнгги йўлга кузатилди.

    'Роналду янги клубларга сармоя киритишни режалаштирмоқда'ning rasmi

    Жамият Бугун 10:04

    Роналду янги клубларга сармоя киритишни режалаштирмоқда

    Португалиялик футбол юлдузи Криштиану Роналду Испаниянинг “Алмерия” клубидаги улуши билан чекланиб қолмоқчи эмас.

    'Эрондаги можаро сабаб 5 та авиарейс ортга қайтди'ning rasmi

    Жамият Бугун 09:06

    Эрондаги можаро сабаб 5 та авиарейс ортга қайтди

    Айни пайтда Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинлик сабаб ҳаво ҳудудлари ёпилди.

    'Исроил Эронга зарба берганини маълум қилди'ning rasmi

    Жамият Бугун 06:57

    Исроил Эронга зарба берганини маълум қилди

    BBC тарқатган маълумотларга кўра, Эрон давлат телевидениеси ҳам портлаш бўлганини тасдиқлаган.

    'Тошкентда BMW уриб кетиши ортидан вафот этган ходимнинг оиласи давлат муҳофазасига олинади'ning rasmi

    Жамият Бугун 05:57

    Тошкентда BMW уриб кетиши ортидан вафот этган ходимнинг оиласи давлат муҳофазасига олинади

    Ички ишлар органларида 2022 йил иш бошлаган Хосилбек 2024 йилдан фаолиятини патруль пост хизматида давом эттирган.