АсосийSUG'DIYONA

Француз ширинлиги — зефир тайёрлашни ўрганамиз!

Французчадан таржима қилинганда «енгил шаббода» маъносини англатувчи бу ширинликни уй шароитида тайёрлаш жуда осон. Зефир тайёрлашнинг бир неча усуллари бор. Сизга туxумнинг оқини кўпиртириб ўтирмай, осонгина тайёрланадиган зейир тайёрлашни ўргатамиз.

Зарур масаллиқлар:

300 гр. шакар, 25 грамм желатин, 1 чой қошиқ лимон кислотаси, 1 чой қошиқ истеъмол содаси, сув ва ванилин.

Тайёрланиш жараёни:

1. Желатинга ярим стакан илиқ сув қуйинг-да, ярим соатга тиндириб қўйинг.

2. Шакарга ҳам ярим стакан сув солиб, оловга қўйинг. қиёмни аралаштириб турган ҳолда 8-10 дақиқага қайнатинг.

3. Қиёмга желатинни солиб аралаштиринг.

4. Энди эса миксер ёрдамида 7-10 дақиқа давомида кўпиртириб олинг.

5. Лимон кислотасини солиб яна 5 дақиқа кўпиртиринг.

6. Навбат истеъмол содаси ва ванилинга етди. Уларни солиб яна 4 дақиқа кўпиртиринг.

7. Тайёр, қўюқ оқ қоришмани маxсус қолипга солинг. Идишга пергамент қоғози тўшаб, сўнг озроқ ёғланг. Агар силикон қолипларингиз бўлса, пергамент қоғозидан фойдаланмасангиз ҳам бўлади. Аммо ёғлашни унутманг. Акс ҳолда зефирни ажратиш қийинчилик туғдириши мумкин.

8. Зефирни бир кунга музлатгичга жойлаштиринг. Сўнг уларни олиб, ҳар бирини шакар упасига ботириб олинг, шунда зефирлар бир-бирига ёпишиб қолмайди.

9. Яна xудди шу услубда мевали зефирлар тайёрласангиз ҳам бўлади. Бунинг учун тайёр мевали желелардан ҳарид қилинг. Бетакрор зефир тайёрлашни истасангиз, уни кўпиртириш учун вақтингизни аяманг. Шунинг учун ҳам ҳар бир босқичда кўпиртириш вақтлари аниқ белгиланган. 

Бошқа янгиликлар