Арманистон пойтахти Ереванда илк маротаба музли эртак шаҳарча яратилди, деб хабар берди “Mir24.tv” нашри.
Муздан эртак шаҳарчани яратган ҳайкалтарошларнинг кўнгли тўқ, чунки улар яратган санъат асарлари қаҳратон совуқ туфайли ҳали-бери эриб кетмайди. Айни кунларда Ереванда сўнгги 40 йил мобайнидаги энг кучли совуқ ҳарорат кузатилмоқда. Синоптиклар ҳаво ҳарорати минус 35 даражага тушиш эҳтимоли борлиги ҳақида башорат қилишди.
Музли шаҳарчада Қор маликасининг ҳақиқий саройини, мультфильм қаҳрамонларини, Қорбобо ва Қорқизни учратиш мумкин. Ереваннинг жасур ва совуққа чидамли аҳолиси музли шаҳарчани томоша қилишга келиб, унинг гўзаллигига тан бердилар. Музли шаҳарчада фақатгина қўшиқ айтиб, рақсга тушиш орқалигина исиниш мумкин. Янги йил таътили пайтида музли саҳнада концертлар ўтказилиши режалаштирилган.





