Меҳмонларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олиб, мазкур мажмуанинг яратилиш ғояси, унда мужассам бўлган тарихий, илмий ва маънавий мерос ҳақида батафсил маълумот берди:
“Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг муҳташам биноси ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг муаллифлиги, шахсий ташаббуси ва ғоялари асосида барпо этилди.
Давлатимиз раҳбари ушбу улкан лойиҳанинг нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ислом олами ва Марказий Осиё учун стратегик аҳамиятга эга эканини инобатга олган ҳолда, қурилиш жараёнини шахсан назорат қилиб бордилар. Марказнинг нафақат ташқи маҳобати, балки ички моҳияти ҳам бир бирига ҳамоҳанг юқори маънавий платформа бўлишини вазифа қилиб қўйганлар. Бу борада эса сизларнинг кўмагингиз муҳим восита бўлди.
Ҳурматли Президентимизнинг бевосита ташаббуслари ва топшириқлари асосида Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги элчихоналар ҳамда уларнинг барча ходимлари амалий кўмаги билан бутун дунёдан артефактларни юртимизга қайтариш амалга оширяпмиз.
2025 йилда ана шу саъй-ҳаракатлар натижасида хориж мамлакатларидан 2000 га яқин артефактлар, қўлёзмалар юртимизга олиб келинди ва Марказ экспозициясида жойлаштирилди. Албатта, бу жараёнда хориждаги элчихоналар ва у ерда фаолият юритаётган ҳар бир ходимларнинг жуда катта ҳиссалари бор. Бу амалий кўмак учун Ташқи ишлар вазирлигига, ҳар бир элчихонага ва у ерда ишлаётган ходимларга чин қалбимиздан миннатдорчилик билдирамиз.
Жорий йилда ҳам бу борадаги ишларни янада кенгайтириш, Марказ контетини бойитишда маданий меросимизнинг ноёб дурдоналарини топиш ва уларни юртимизга қайтариш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳам бир қатор мақсадлар белгилаб олинган. Албатта Ислом цивилизацияси маркази ҳақида дунёга тушунтириб бериш, қолаверса, мана шу хайрли ишларни давом эттириш, буюк мутафаккирларимиз кашфиётлари, илмий меросларини, буюк маданий меросимизни тарғибот-ташвиқот қилиш йўлида биргаликда ишлаймиз. Бу борада ҳамкорликдаги фаолиятимизни янги босқичга олиб чиқишга ҳаракат қиламиз”.
Меҳмонлар дастлаб Марказнинг “Шон-шараф зали” ҳамда бинонинг бетакрор меъморий ечимлари билан танишдилар. Буюк аждодларимизнинг бой илмий-маънавий мероси ва унинг жаҳон цивилизациясидаги ўрни акс этган маҳобатли равоқлар катта қизиқиш уйғотди.
Шундан сўнг меҳмонлар музей экспозициялари – Исломдан аввалги давр, Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, шунингдек, Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори бўлимлари, Қуръони карим зали ва болалар учун мўлжалланган кўргазмаларни томоша қилдилар.
Фурқат Сиддиқов, Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
“Мен Америкада, хусусан, Вашингтонда кўплаб музейларда бўлганман. Аммо бу марказ экспонатларининг бойлиги, мазмуни ва тақдимоти жиҳатидан улардан ҳам устун, десам муболаға бўлмайди. Ростини айтсам, бундай кўламни умуман кутмагандим.
Биз дипломатлар йиллар давомида олиб борадиган тарғиботни инсон бу марказга бир марта ташриф буюриб, қисқа вақт ичида ҳис қилиб, тушуниб чиқиши мумкин. Шу боис, бундай ноёб марказ учун ҳурматли Президентимизга миннатдорлик билдираман. Бу лойиҳа келажак авлод тарбияси учун ҳам жуда муҳим, деб ўйлайман.
Мен ишонаман, бу марказ Марказий Осиёдаги энг кўп ташриф буюриладиган масканлардан бирига айланади. Нафақат хорижий меҳмонлар, балки биз ўзбеклар учун ҳам бу жой катта фахр манбаидир”.
Равшан Усмонов, Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
“Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, элчихонамиз ва Ташқи ишлар вазирлиги мазкур мажмуа яратилишига ўз ҳиссасини қўшди. Хусусан, хорижда сақланган айрим қимматли артефактларни топиш, харид қилиш ва Ўзбекистонга олиб келиш ишларида бевосита иштирок этдик. Бугун уларнинг етакчи намунаси шу ерда намойиш этилмоқда. Менимча, Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маънавий меросини бир том остида жамлаш ғояси жуда муҳим ва долзарб ташаббус ҳисобланади. Бу фақатгина мамлакатимиз тарихининг беқиёс бойлиги эмас, балки бутун минтақа ҳамда мусулмон цивилизациясининг ўзига хос ютуқларини ҳам намоён этади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу мажмуа жаҳоннинг нуфузли музейлари қаторида муносиб ўрин эгаллайди. Айниқса, Буюк Британиядан ташриф буюрувчи меҳмонлар унинг расмий очилишини катта қизиқиш ва интизорлик билан кутмоқда”.
Каромиддин Гадоев, Ўзбекистоннинг Малайзиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
“Бу ерга кирган ҳар бир инсон ўзбек халқининг чуқур илдизлари, бой маданияти ва тарихини тош асридан бошлаб, Янги Ўзбекистон давригача бўлган тараққиёт йўлини босқичма-босқич ҳис қилади. Очиғини айтсам, мен фан соҳаси вакили сифатида мамлакатимиз тарихини яхши биламан, кўплаб музейларни кўрганман. Бироқ доимо бир савол мени ўйлантирарди: нега бизда Париждаги «Лувр» ёки Санкт-Петербургдаги «Эрмитаж» сингари, тарихимизни тўлиқ ва тизимли акс эттирадиган йирик мажмуа йўқ? Бугун мен бу саволимга айнан шу ерда жавоб топдим.
Шу ерда туриб, яна бир бор шундай буюк халқнинг фарзанди эканимдан фахрландим. Ишончим комилки, марказ очилгач, у нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни давлатлар ва узоқ хориждан келадиган сайёҳларнинг ҳам севимли масканига айланади ҳамда Ўзбекистон нуфузини дунё миқёсида янада юксалтиради. Бунинг барчаси учун Президентимизга миннатдорлик билдирамиз”.
Нодиржон Турғунов, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги элчиси:
“Бу мажмуа нафақат ёши катталар, балки ёшлар, ўрта ёшдагилар ва кексалар учун ҳам ниҳоятда қизиқарли тарзда ташкил этилган. “Биринчи Ренессанс” бўлимини яратиш жараёнида марказ билан ҳамкорликда Саудия Арабистонида ишлаганимиз боис, ушбу бўлим менга янада қизиқарли туюлди. Чунки ўз меҳнатинг натижасини халқ баҳраманд бўлаётганини кўриш, менимча, энг юксак баҳодир”.
Бахтиёр Иброҳимов, Ўзбекистоннинг Австриядаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
- Марказга ташрифимиз барчамизда жуда чуқур таассурот қолдирди. Ушбу мажмуани барпо этиш жараёнида Ўзбекистоннинг хориждаги элчихоналари ва ваколатхоналари фаол иштирок этди, турли мамлакатлардаги музейлардан ноёб артефактларни олиб келишга ўз ҳиссасини қўшди. Натижада Ислом цивилизациясининг жаҳон тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси ягона ва яхлит маконда яққол намоён этилган.
Бу марказ Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилган ниҳоятда ноёб ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳа ҳисобланади. Мажмуа Ислом цивилизациясини алоҳида даврлар ёки ҳудудлар кесимида эмас, балки узвий ва узлуксиз тарихий жараён сифатида кўрсатиб бера олгани билан алоҳида ажралиб туради. Айнан шу жиҳати уни бошқа музей ва марказлардан тубдан фарқлайди.
Ишончим комилки, ушбу марказга ташриф буюрадиган ҳар бир меҳмон бу ердан катта таассурот ва чуқур билим билан қайтади. Бу маскан нафақат миллий меросимизни намойиш этади, балки Ўзбекистоннинг Ислом цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда очиб берувчи муҳим маданий ва илмий марказга айланади.
Ойбек Шахавдинов, Ўзбекистоннинг Венгрия ва Сербиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси:
– Бу марказ ҳақиқатан ҳам ниҳоятда ҳайратланарли. Уни кўрган ҳар бир инсон кучли таассурот остида қолади. Ўзбек халқи учун ғурур уйғотадиган маскан. Тошкентда, Ўзбекистонда шундай юксак даражадаги марказ борлигидан чин дилдан фахрланамиз.
Энг қувонарлиси шундаки, бу марказ аллақачон хорижий ҳамкорларимизнинг катта қизиқишини уйғотмоқда. Мен ҳозир Венгрияда элчиман, шунингдек, Сербияни ҳам ўриндошлик асосида қамраб оламан. Ўтган йили Сербия Президенти Ўзбекистонга ташриф буюриб, ушбу марказни кўргач, ўзининг Маданият вазирига махсус топшириқ берди — беш-олти нафар экспертни юбориб, бу марказ қандай қурилгани ва қандай концепция асосида ишлаётгани билан яқиндан танишишни буюрди. Ҳозир бу йўналишда ишлар олиб борилмоқда.
Ўйлайманки, бундай қизиқиш фақат Сербия билан чекланиб қолмайди. Бошқа давлатлар ҳам албатта қизиқади, чунки бундай даражадаги, бундай мазмундаги марказ ҳозирча фақат Ўзбекистонда мавжуд. Бу эса биз учун катта қувонч ва фахр манбаи. Чунки бу маскан нафақат тарихимиз ва урф-одатларимизни чет эллик меҳмонларга, балки ўз халқимизга ҳам чуқур ва таъсирли тарзда намоён этади.
Бу марказ саккиз йил давомида барпо этилди ва айтишим мумкинки, бу меҳнат тўла ўзини оқлаган. Менимча, бундан яхшироқ марказни яратишнинг ўзи қийин. Чунки бу мажмуа ҳар жиҳатдан — мазмунан, технологик ечимлар, дизайн ва ғоя уйғунлиги нуқтаи назаридан — мукаммал.
Очиғини айтсам, Сербия ҳам ҳозирча бундай даражадаги марказни қура олмайди. Улар албатта ўзига хос лойиҳалар қилиши мумкин, аммо айнан шу миқёсда ва шу чуқурликда эмас. Бежиз эмас, улар Ўзбекистон тажрибасини ўрганмоқчи. Айниқса, 2027-йилда Белградда бўлиб ўтадиган "Эхпо 2027" олдидан бу тажриба улар учун жуда муҳим.
Бироқ шуни ишонч билан айта оламанки, бу даражадаги марказни етти-саккиз йил ичида барпо этиш — бу фақат бизнинг халқимизга хос фазилат. Чунки бизнинг халқимиз ниҳоятда меҳнаткаш, масъулиятли ва кучли жавобгарликни ўз зиммасига ола оладиган халқ. Ана шу фазилатлар эвазига мана шундай буюк ва ҳайратланарли марказ дунёга келди.
Ташриф якунида Давлат раҳбари ташаббуси билан барпо этилган ушбу Марказ нафақат Ўзбекистон, балки бутун дунё миқёсида ноёб маданий-маърифий маскан экани, келгусида эса сайёҳлар учун ҳам жозибали манзилга айланиши таъкидланди.






