Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов туман ва шаҳарларда аҳоли вакиллари билан мулоқотлар ўтказмоқда.
Марҳамат туманидаги "Алитепа" маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган учрашувда мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, қурилиш, ободонлаштириш, халқимиз учун қулай яшаш шароити яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди, деб хабар беради ЎзА.
Учрашувда маҳаллада ечимини кутаётган масалалар, хусусан, маҳалла ҳудудидаги 7-умумтаълим мактабида спорт зали йўқлиги, кўча ва йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва сув таъминотини янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Вилоят ҳокими кўтарилган масалаларни ижобий ҳал этиш юзасидан мутасадди идоралар раҳбарларига тегишли топшириқлар берди.
Бундай мулоқотлар Андижон шаҳри, Олтинкўл, Балиқчи ва Избоскан туманларида ҳам бўлиб ўтди.





