Италиялик актриса Россияда янги фильм тақдимотини ўтказади.
Киноактриса ва фотомодель Моника Беллуччи Россия пойтахти Москва шаҳрига ташриф буюрди, деб ёзади Filmpro.
Актриса Россияга режиссёр Эмир Кустурица билан бирга келган. Улар биргаликда “Сомон йўли” фильмининг тақдимот маросимини ўтказади. Мазкур картина Босния уруши вақтида рўй берган севги тарихи ҳақида ҳикоя қилади. Фильмнинг бош қаҳрамони оддий сербиялик эркак бўлиб, унинг ҳаёти турли уч босқичдан иборат: Дастлаб у ёлғиз эди, кейинроқ ўз жуфтини учратади, уларнинг ўртасида севги пайдо бўлади. Уларнинг муносабатларига уруш соя солиб турарди. Охир оқибатда эса фильм бош қаҳрамони ҳаётининг мазмунидан айрилади.
Моника Беллуччининг айтишича, Эмир Кустурицанинг фильмида акс этган воқеалар унга ёққан ва шунинг учун ҳам у фильмда роль ижро этишга розилик билдирган. Россияда “Сомон йўли” фильми 2017 йилнинг 12 январидан бошлаб намойиш этила бошлайди.





