Бу мамлакатда Янги йил Тошкент вақти билан соат 15:00 да кириб келади.
Кирибати — Ер шарининг барча яримшарларида бир вақтда жойлашган ноодатий давлат ҳисобланади. Янги йилни энг илк бўлиб мамлакатнинг шарқий қисмида жойлашган Лайн ороллари аҳолиси кутиб олади. У ерда сайёрадаги энг эрта вақт минтақаси — UTC+14 амал қилади. Шу боис байрам мушаклари ва янги йилнинг сўнгги сонияларини санаш бошқа ҳудудлардан олдин бошланади.
Кирибатидан кейин Янги йил Самоа ва Тонга давлатларида кириб келади. Самоа UTC+13 вақт минтақасида жойлашган бўлиб, 2011 йилда иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида вақт зонасини ўзгартирган. Бу мамлакатда Янги йил океан бўйида анъанавий рақслар ва қўшиқлар билан нишонланади.
Шу вақт минтақасида жойлашган Тонгада эса пойтахт Нукуалофада оммавий сайиллар ўтказилади, аҳоли байрам муносабати билан уй-жойларини безайди.
Шундан сўнг Янги йилни Янги Зеландия аҳолиси қарши олади. Мамлакатнинг асосий қисми ёзги вақт ҳисобига UTC+13, Чатем ороллари эса UTC+13:45 вақт зонасида жойлашган. Окленд ва Веллингтон шаҳарларида минглаб одамларни жамлайдиган йирик мушакбозликлар ташкил этилади.
Шунингдек, Фижи, Тувалу, Науру, Уоллис ва Футуна каби Океания давлатлари ҳам UTC+12 ва UTC+13 вақт минтақаларида жойлашгани сабабли Янги йилни дунёда энг илк кутиб олувчилар қаторига киради.






