Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Интерпол Миллий марказий бюроси хабар берди.

Маълум қилинишича, Интерпол каналларидан самарали фойдаланиш натижасида йирик миқдордаги фирибгарлик ҳамда одам савдоси жиноятларини содир этганликда айбланиб, халқаро қидирувда бўлган шахсларнинг трансчегаравий ҳаракатлари аниқланиб, улар Грузия ҳудудида қўлга олинган.

Кейинчалик, икки давлат ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик ва Интерпол майдонларида бўлиб ўтган учрашув ҳамда музокаралар натижасида Тошкент ва Тбилиси Миллий марказий бюролари ўртасида қидирувдаги шахсларни Ўзбекистон томонига топшириш бўйича келишувга эришилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг илтимосига асосан, тергов материаллари ўрганилиб, Грузия Адлия вазирлиги томонидан экстрадиция қилиш тўғрисидаги сўров қаноатлантирилган.

Ушбу шахслар 27 декабрь куни Тбилиси шаҳри аэропортида Грузиянинг ваколатли органлари томонидан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Интерпол Миллий марказий бюроси вакилларига топширилган. Шундан сўнг улар Тошкент шаҳрига олиб келиниб, Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда тегишли тартибда ИИБ ходимларига топширилган.