АсосийJamiyat

Қиш-баҳорда ички бозорга 660 минг тоннадан зиёд асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказилади

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси томонидан пойтахтимиздаги деҳқон бозорларида байрамолди савдо ярмаркалари ташкил этилди. 

– Кейинги ўн кун оралиғида пойтахтимиздаги йирик бозорларда уч минг тонна атрофида картошка, қарийб 100 тонна гуруч, 370 тоннадан ортиқ пиёз сотилди, – дейди “Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмаси раиси ўринбосари Неъматжон Аҳмаджонов. – Шунингдек, 550 миллион сўмликдан зиёд мева-сабзавот, товуқ гўшти, сут, гўшт ва мева-сабзавот консервалари, қандолат маҳсулотлари, ёрмалар, балиқ ва балиқ консерваларини арзон нархларда аҳолига етказиб бермоқдамиз. 

“Ўзбекозиқовқатзахира” уюшмасидан маълум қилишларича, қиш-баҳор ойларида ички истеъмол бозорига босқичма-босқич етказиб бериш мақсадида мамлакатимизда 660 минг тоннадан зиёд асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирага жамғарилган. Жумладан, уюшма тизимидаги савдо-тайёрлов корхоналари омборларига 100 минг тоннадан зиёд маҳсулот ғамланган. Қарийб 27 минг тонна картошка, 16 минг тонна пиёз, 12 минг 600 тонна сабзи, салкам 11 минг тонна мева, 5 минг тоннадан зиёд полиз, 22 минг тоннадан ортиқ гуруч ва дуккакли маҳсулотлар шулар сирасидандир.

    Бошқа янгиликлар