Тошкент шаҳрида автомобиллар сони ортиб бораётгани сабабли йўл ҳаракати оқимини бошқариш бўйича янги тизим жорий этилади. Ҳозирда пойтахт кўчаларида 800 мингдан ортиқ автомобиль доимий ҳаракат қилади, кунига яна 150–300 минг транспорт кириб келмоқда. Мутахассислар огоҳлантиришича, чора кўрилмаса, яқин йилларда тирбандликлар янада кучайиши мумкин.
Президент имзолаган қарорга кўра, пойтахтда Ягона йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази иш бошлайди. Ушбу марказ шаҳар бўйлаб ҳаракат оқимини ягона рақамли бошқарув остида тартибга солиб боради. Энг муҳими, 600 та йирик чорраҳа “рақамли харита”га уланиб, светофорлар сунъий интеллект ёрдамида реал вақтда бошқарилади.
Расмий маълумотларга кўра, янги тизим тирбандликларни 30 фоизга камайтириши, ўртача ҳаракат тезлигини 44 км/соатга етказиши кутилмоқда. Шунингдек, транспорт воситаларининг светофорларда кутиш вақти 35 фоизга қисқаради, бу эса кунлик вақт тежалишига сезиларли таъсир қилади.
Мутахассислар фикрича, мазкур ислоҳотлар нафақат йўл ҳаракатини оптималлаштиради, балки пойтахтда яшаш сифати ошишига ҳам хизмат қилади. Тизимнинг жорий этилиши экологик транспорт билан уйғунлашиб, Тошкентни янада хавфсиз, қулай ва мусаффо мегаполисга айлантириши кутилмоқда.






