АсосийДунё

Австралия сенатори бурқа билан боғлиқ можаро сабаб лавозимидан четлатилди

Унинг ҳаракати ижтимоий муҳокамалар ва танқидларга сабаб бўлди.

'Австралия сенатори бурқа билан боғлиқ можаро сабаб лавозимидан четлатилди'ning rasmi

Бугун, 25 ноябрь куни Австралия Сенати сенатор Полин Хансонни бурқа кийиб киргани учун 7 кунга лавозимидан четлатди.

Reuters агентлиги хабар беришича, сенатор бурқани парламент мезонларига мос келмайдиган тарзда кийган ва бу ҳаракат парламент аъзолари томонидан кескин қораланган.

Маълум бўлишича, 24 ноябрь куни Хансон жамоат жойларида бурқа ва бошқа юзни тўсувчи кийимларни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйишга рухсат ололмаганидан сўнг, юқори палатага бурқа кийиб кирган. Мусулмон қонунчилар унинг ҳаракатини ирқчилик деб баҳолади.

Австралия Ташқи ишлар вазири ва Лейбористлар партияси етакчиси Пенни Вонг сенаторнинг ҳаракатини “ижтимоий тузилмага зарба берувчи, бутун эътиқодни ҳақорат қилувчи намойиш” деб атади.

Хансон 1990-йиллардан бери Осиёдан иммиграция ва бошпана изловчиларга қарши кескин позицияси билан машҳур ва исломий кийимларга нисбатан бир қатор сиёсий ташаббусларни олға сурган. Бу унинг парламентга иккинчи марта бурқа кийиб кириши бўлиб, аввалги ҳолат 2017 йилда рўй берган эди.

Сенатор Хансон ўз қарашларини ўзгартирмаслигини ва парламентда кийим чегараси мавжуд эмаслигини таъкидлади.

    Бошқа янгиликлар