Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари икки мамлакат делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди. Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев қўшни давлат раҳбарининг ташрифи икки халқ ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари мустаҳкамлигининг ёрқин тасдиғи эканини таъкидлади.
Музокараларда Ўзбекистон – Туркманистон стратегик шериклигини янада кенгайтириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Савдо, транспорт, энергетика ва сув хўжалиги каби муҳим йўналишларда амалга оширилган ишларга юқори баҳо берилди. Президент Мирзиёев сўнгги йилларда икки давлат ўртасида эришилган ютуқларда Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ҳиссаси катта эканини қайд этди.
Сўнгги йилларда ўзаро савдо ҳажми икки баравар ошиб, 1 миллиард доллардан ошиб кетгани таъкидланди. Мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, маҳсулот турини кенгайтириш ва эркин савдо механизмларидан самарали фойдаланиш орқали бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказиш мумкинлиги билдирилди. Шунингдек, “Шовот–Тошҳовуз” чегараолди савдо зонасининг ишга туширилиши товар айирбошлашни жадаллаштираётгани қайд этилди. Томонлар ушбу тажрибани “Олот–Фараб” ҳудудида ҳам жорий этишга келишиб oлди.
Саноат кооперациясини кенгайтириш мақсадида қурилиш материаллари, фармацевтика, озиқ-овқат маҳсулотлари ва талаб юқори бўлган бошқа товарларни ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма лойиҳаларга бизнесни фаол жалб қилиш зарурлиги айтилди. Энергетика соҳасидаги ҳамкорлик муваффақиятли давом этаётгани, эндиликда истиқболли конларни биргаликда ўзлаштириш бўйича йирик лойиҳаларга ўтиш режалаштирилаётгани маълум қилинди.
Транспорт йўналишида ҳам муҳим келишувларга эришилди. Юк ташиш ҳажми ўсиб бораётгани, божхона-логистика жараёнлари соддалаштирилаётгани таъкидланди. Томонлар Туркманбоши портини биргаликда ривожлантириш ва Тошкент ҳамда Ашхобод ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклашга келишиб oлдилар.
Музокараларда гуманитар йўналишдаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Яқинда Урганч ва Тошкентда ўтказилган Туркманистон маданияти кунлари ва фильмлар намойишлари икки халқ ўртасидаги маданий алоқаларни янада mustahkamlashга хизмат қилгани айтилди. Томонлар ўзаро концертлар, театр жамоаларининг ижодий сафарларини йўлга қўйиш, Хивада Ёшлар форумини ўтказиш ва қўшма фильмлар ишлаб чиқаришни давом эттиришга келишиб олди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳам алмашинувларни кучайтириш, тиббиёт мутахассислари тажрибасини ўртоқлашишга доир режалар муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари эришилган барча келишувларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва ижросини таъминлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар бердилар.






