Буюк Британия ҳукумати ноқонуний миграцияни жиловлаш мақсадида янги тартибларни жорий этмоқда. Янги қонунга кўра, мамлакатга ноқонуний йўллар билан келиб, бошпана сўраганлар доимий яшаш ҳуқуқи учун аризани фақат 20 йил яшагандан кейингина топшириши мумкин бўлади.
Ички ишлар вазири Шабана Маҳмуднинг айтишича, янги қоидалар қайиқ, юк машиналарида келган ёки виза муддати тугаганидан кейин бошпана сўраб мурожаат қилганларни қамраб олади. Шу билан Британия яшаш гувоҳномаси учун энг узоқ кутиладиган Европа давлатига айланади. Ҳозиргача бу борада етакчилик 8 йиллик талаб билан Данияга тегишли эди.
Янги тартиб қонуний келган бошпана изловчиларга ҳам таъсир қилади: улар доимий яшаш учун 10 йилдан кейин мурожаат қилишлари мумкин бўлади.
Бошпана сўраган, бироқ ишлашни истамайдиган ёки қонун бузган шахслар моддий ёрдам, ижтимоий уй-жой ва нафақалардан маҳрум этилиши ҳам кўзда тутилган. Қочқин мақоми эса ҳар 30 ойда қайта кўриб чиқилади ва хавфсиз деб топилган давлатлардан келганлар ўз юртига қайтарилади.
Вазирнинг таъкидлашича, агар ноқонуний миграцияга нисбатан қатъий чоралар кўрилмаса, мамлакат ичкарисида бўлиниш хавфи юзага келиши мумкин.
2025 йил январь ва июнь ойларида 111 минг киши Британиядан бошпана сўраган. Фақат йилнинг биринчи чорагидаёқ 172 мингдан ортиқ шахсга яшаш учун рухсат берилган.






