Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида бир қизни бошқа қизлар гуруҳ бўлиб калтаклашгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси расмий маълумот берди.
Берилган маълумотга кўра, жорий йилнинг 7 ноябрь куни Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалласида жойлашган 6-сонли кўп қаватли уйнинг олдида ушбу маҳаллада яшовчи вояга етмаган Э.М. ўзига таниш бўлган Шўрбулоқ маҳалласида истиқомат қилувчи вояга етмаган Ю.Д. билан ўзаро келишмовчилик сабабли жанжаллашган. Ушбу келишмовчиликка Ю.Д. билан бирга келган вояга етмаган дугоналари Ш.Б, А.И, ва И.М. ҳам аралашиб, улар Э.М.га тан жароҳати етказган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, вояга етмаганлар Ю.Д, Ш.Б, А.И, ва И.М.нинг ота-оналарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.






