Тошкент Condé Nast Traveler халқаро сайёҳлик журнали томонидан “2026 йилда Осиёда саёҳат қилиш учун энг яхши жойлар” рўйхатига киритилди.
Журнал томонидан эълон қилинган рейтингда қайд этилишича, шаҳар ўзининг тарихи ва замонавийликнинг ноёб уйғунлиги билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Бу ерда қадимий мадрасалар ва бозорлар янги маданий майдонлар билан ёнма-ён жойлашган бўлиб, саёҳатчилар учун бой ва ўзига хос муҳит яратади.
Нашрда Тошкент Марказий Осиёнинг маданий туризм марказига айланиб бораётгани таъкидланган. Янги “Ислом цивилизацияси маркази” мажмуаси ва “Замонавий санъат маркази” галереясининг очилиши шаҳарни ҳам қадимий анъаналар, ҳам замонавий бадиий ҳаёт билан танишиш имконини яратувчи масканга айлантириши айтилган.
Сайёҳлар тарихий ёдгорликларга экскурсиялар билан замонавий кўргазма ва тадбирларга ташрифни бирлаштириш имкониятига эга бўлади. Бугунги кунда Тошкент сайёҳларни нафақат Ўзбекистоннинг гўзал масканларига йўналтирувчи бошланғич нуқта сифатида, балки мустақил сайёҳлик йўналиши сифатида ҳам жалб қилмоқда.
Шаҳар бой маданий дастур ва Марказий Осиё пойтахтининг ўзига хос муҳитини тақдим этиб, янги таассуротлар ва одатий бўлмаган саёҳатларни излайдиганлар учун албатта бориб кўриш лозим бўлган манзилга айланади.






