АсосийЖамият

Куз-қиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ нархлари ўзгармайди

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Darakchi.uz мухбири матбуот анжуманида берган саволга жавоб берди.

'Куз-қиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ нархлари ўзгармайди'ning rasmi

Ўзбекистонда жорий йилги куз-қиш мавсумида электр энергияси ва табиий газ нархлари оширилмаслиги маълум бўлди.

Бу ҳақда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов маълум қилди. Вазирнинг қайд этишича, электр энергияси ва табиий газ нархлари келаси йили май ойида инфляция даражасида индексация қилинади.

Газ ва электр энергиясига янги тарифлар 1 майдан кучга кирган эди. 1 майдан бошлаб электр энергияси учун базавий тариф (ойига 200 кВт/соат доирасида) 450 сўмдан 600 сўмга, газ учун 650 сўмдан 1000 сўмгача оширилган.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида 2025 йил апрелдан бошлаб электр энергияси истеʼмолчиларнинг III гуруҳи, шу жумладан, овқат тайёрлаш учун марказлашган ҳолда электр плиталари билан жиҳозланган кўп қаватли уй-жойлар ва ётоқхоналарда яшовчи маиший истеʼмолчилар учун бир ойдаги истеʼмолдан келиб чиқиб:

ойига 200 кВт/соатгача — 300 сўм;

ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача — 500 сўм;

ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача — 750 сўм;

ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача — 875 сўм;

ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори — 1 000 сўмдан этиб белгиланганди.

Истеʼмолчиларнинг I гуруҳига кирувчи қисми ўзгаришсиз — 1 кВт/соат учун 1 000 сўм этиб белгиланганди. II гуруҳ истеʼмолчилар учун ҳам бир киловатт соат электр энергияси 1000 сўмдан етказиб берилиши белгиланганди. Истеʼмолчиларнинг IV гуруҳи ҳам шу санадан эʼтиборан бир кВт/соат электр энергияси учун 1 000 сўмдан тўлаши кўзда тутилганди.

Қолган маиший истеʼмолчилар учун эса бир ойдаги истеʼмолдан келиб чиқиб қуйидагича белгиланганди:

ойига 200 кВт/соатгача — 600 сўм;

ойига 201 кВт/соатдан 1 000 кВт/соатгача — 1 000 сўм;

ойига 1 001 кВт/соатдан 5 000 кВт/соатгача — 1 500 сўм;

ойига 5 001 кВт/соатдан 10 000 кВт/соатгача — 1 750 сўм;

ойига 10 000 кВт/соат ва ундан юқори — 2 000 сўм.

Аҳолининг коммунал-маиший эҳтиёжлар учун истеʼмол қиладиган табиий гази учун нархлар қуйидагича ўзгариши кўзда тутилганди:

ойига 500 куб метргача — 1 000 сўм;

ойига 501 куб метрдан 2 500 куб метргача — 1 800 сўм;

ойига 2 501 куб метрдан 5 000 куб метргача — 2 100 сўм;

ойига 5 001 куб метрдан 10 000 куб метргача — 2 500 сўм;

ойига 10 001 куб метр ва ундан юқори миқдорда табиий газ истеʼмол қиладиганлар бир куб метр учун 3 000 сўм.

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун бир куб метр табиий газ 2 500 сўмдан етказиб берилиши белгиланган бўлса, иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр марказлари бунинг учун 1 800 сўмдан тўлаши кўзда тутилганди.

Бундан ташқари, аҳолига газ ишлаб чиқарилган нархидан арзон сотилиши ҳисобига кўрилган зарар давлат бюджетидан қоплаб келинади. 2025 йил учун ушбу мақсадга 7 трлн сўм ажратилиши белгиланган.

    Бошқа янгиликлар