АсосийЖамият

Келаси ўқув йилидан 9-синф битирувчилари техникумларда тўлиқ давлат ҳисобидан ўқийди

2030 йилгача 9-синф битирувчиларининг техникумлар билан қамрови 29 фоиздан 50 фоизга етказилади.

'Келаси ўқув йилидан 9-синф битирувчилари техникумларда тўлиқ давлат ҳисобидан ўқийди'ning rasmi

Президентнинг касбий таълим тизимида ислоҳотлар амалга оширишга қаратилган қарори қабул қилинди.

Қайд этилишича, 2030 йилгача 9-синф битирувчиларининг техникумлар билан қамрови 29 фоиздан 50 фоизга, дуал таълим, яъни иш жойида ўқитиш улуши эса 9 фоиздан 40 фоизга етказилади.

2026 йилдан мактабгача таълим муассасаларидан бошлаб, ўқувчиларни касб танлашга йўналтириш тизими жорий қилинади. Бунда 5 ёшдан — Атрофимиздаги касблар ўйинлари, 1–4-синфларда — Касблар алифбоси, 5–6-синфларда — Касблар олами, 7–9-синфларда эса Менинг келажакдаги касбим фанлари жорий қилинади. 2028 йилдан 9-синф якуний имтиҳонлари натижасига кўра, ўқувчилар техникумларга йўналтирилади.

Келаси йилдан ишлаб чиқариш таълими усталарининг маоши биринчи малака тоифасига эга ўқитувчиларникига тенглаштирилади ва ҳар устанинг ўқувчилари сони 20 нафардан ошмайди.

Техникум директорларига усталар учун ажратилган иш ҳақи фонди доирасида энг кам ойлик иш ҳақининг 15 бараваригача ойлик белгилаш ваколати берилади. Шунингдек, ҳар йили энг яхши 50 нафар уста ва ўқитувчи хорижда малака оширади.

Дуал таълимда таҳсил олаётган ўқувчиларга ҳар ой БҲМнинг 1 баравари миқдорида стипендия тўланади. Ушбу давр меҳнат стажига қўшилади. Дуал таълимни ташкил этган иш берувчиларга 7 йил муддатга 5 миллиард сўмгача имтиёзли кредит берилади.

Шу билан бирга, 2026 йилдан бошлаб президент соврини учун “Касбий маҳорат миллий танлови” ўтказилади. Миллий рейтингда энг юқори 50 таликка кирган техникумларнинг ҳар бири БҲМнинг 3000 баравари миқдорида рағбатлантирилади.

Қарор билан 2030 йилгача техникумларни тугатиш, уларнинг ер майдонлари ва биноларини хусусийлаштиришга мораторий эълон қилиниб, келаси йил 1 сентябрдан 9-синф битирувчилари техникумларда тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан ўқиши, 11-синфни битирган талабгорлар эса тўлов-контракт асосида таҳсил олиши белгиланди.

    Бошқа янгиликлар