АсосийДунё

Жанубий Кореяда ўзбекистонлик шахс террорчиларни молиялаштиришда гумонланиб қўлга олинди

У хайрия лойиҳаси кўринишида маблағ тўплаб, уни экстремистик гуруҳларга ўтказганликда айтилмоқда.

'Жанубий Кореяда ўзбекистонлик шахс террорчиларни молиялаштиришда гумонланиб қўлга олинди'ning rasmi

Жанубий Корея полицияси 29 ёшли Ўзбекистон фуқаросини террорчилик ташкилотларига пул юборишда гумонлаб ҳибсга олди. У хайрия лойиҳаси кўринишида маблағ тўплаб, уни экстремистик гуруҳларга ўтказганликда айтилмоқда.

Полициянинг маълум қилишича, гумонланувчи 16 октябрь куни Кёнгидо вилоятининг Ансан шаҳрида қўлга олинган. Операцияда Жанубий Корея Миллий разведка хизмати ва АҚШ Федерал қидирув бюроси ходимлари ҳам иштирок этган.

Терговга кўра, у “Африкада қудуқ қазиш” хайрия лойиҳаси номидан фойдаланиб, Tether (УСДТ) кўринишидаги криптовалютада қарийб 952 миллион вон (тахминан 665 минг доллар) йиққан. Маблағларнинг бир қисми “Катиба Тавҳид вал-Жиҳод” ва ҲАМАС каби террорчилик гуруҳларига ўтказилгани аниқланган. Дастлабки маълумотларга кўра, жангариларга камида 27 миллион вон (19 минг доллар) юборилган.

Тергов давомида гумонланувчининг ижтимоий тармоқларда жиҳод ғояларини тарғиб қилгани ва мусулмонларни экстремистик гуруҳларга қўшилишга чақиргани аниқланган. Шунингдек, у Жанубий Кореяда футбол клуби ташкил этиб, ватандошлар орасида маблағ йиғиш учун ундан фойдаланилгани тахмин қилинмоқда.

Маълум бўлишича, у 2018 йилда талабалик визаси билан мамлакатга кирган, бироқ ўқишни ташлаб, кейинчалик муҳожир сифатида яшаб келган. У 11 маротаба қочқинлик мақоми сўраган, бироқ барча аризалар рад этилган.

Ўзбекистонда у терроризмни молиялаштиришда айбланиб қидирувда бўлган ва 2022 йилда унинг ҳибсга олиниши бўйича халқаро ордер чиқарилган. Ҳибс вақтида саккизта телефон ва бир дона ноутбук мусодара қилиниб, улар экспертизага юборилган.

Тергов доирасида маблағларнинг бошқа шахслар ёки нақд пул орқали ҳам юборилган-юборилмагани текширилмоқда.

    Бошқа янгиликлар