Вилоят ФВБ матбуот хизматининг xaбар беришича, жорий йилнинг 25 октябрь куни соат 18:47 да 112 тизимига Наманган вилояти Чуст тумани “Бирлик” маҳалласида иш фаолиятини тўхтатган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасида чақнаш содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушди.
Ҳодиса жойига учта ёнғин-қутқарув бўлинмаси етиб борган. Ёнғин юзага келмаган. 10 тонналик ёнилғи сақлаш систернасини бошқа жойга кўчириш жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани натижасида чақнаш юз берган. Оқибатда пайвандловчи сифатида ишлаган ишчи вафот этган.
Ҳозирда ҳодиса сабаблари ва етказилган зарар миқдори ўрганилмоқда, дейилади хабарда.






