Ўзбекистонда ҳаж ва умра зиёратларини ташкил этиш жараёнларини рақамлаштириш мақсадида янги “Ҳаж ва Умра ягона портали” ишга туширилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита маълум қилди.
Таъкидланишича, талабгор фуқаролар www.my.gov.uz ёки haj-umra.gov.uz сайтлари орқали онлайн ариза топшириб, навбатга ёзилишлари мумкин.
Қўмитага кўра, янги тизимнинг жорий этилиши зиёратчиларга қулайлик яратиш, шаффофликни таъминлаш ва навбат шаклланишида инсон омилини камайтиришга қаратилган. Шунингдек, ҳужжатлар йиғиш, қоғозбозлик ва ташкилотларга бориб келиш каби бюрократик жараёнлар барҳам топади.
Портал орқали фуқаролар ҳаж ва умра сафарларига оид барча маълумотларни олиш, ариза ҳолатини кузатиш ва электрон навбатдаги ўрнини билиш имкониятига ҳам эга бўлади.