Ижтимоий тармоқларда бир фуқаро бошқа фуқарони ураётгани акс этган видео тарқалиб, турли муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ маълумот берди.
Унга кўра, ҳолат 19 октябрь куни тахминан соат 20:00 ларда, Яккасарой тумани, Юсуф Хос Ҳожиб кўчасида содир бўлган. 1996 йилда туғилган Б.С. ўзаро келишмовчилик оқибатида 1964 йилда туғилган С.Д.ни бир неча маротаба урган ва ҳодиса жойидан автомашинада кетиб қолган.
Бирламчи тиббий маълумотга кўра, жабрланувчига “бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг қош соҳаси шилинган жароҳати” ташхиси қўйилган. Мазкур ҳолат юзасидан Яккасарорй тумани ИИО ФМБ томонидан Жиноят кодекснинг 277-моддаси (безорилик) билан жиноят иши иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши қайд этилди.