Англиянинг “Ливерпуль” клуби собиқ бош мураббийи Юрген Клопп келажакда мерсисайдликлар клубини яна бошқариши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда ESPN хабар берди.
“Мен Англияда бошқа жамоани бошқармаслигимни айтганман. Демак, агар қайтишим мумкин бўлса, бу фақат ‘Ливерпуль’ бўлади. Ҳа, назарий жиҳатдан бу мумкин”, — деди Клопп “Diary of a CEO” подкастида.
Шу билан бирга, мутахассис ҳозирча мураббийликка қайтишни истамаслигини таъкидлади. Айни вақтда у Red Bull футбол тизимида глобал футбол бўйича раҳбар сифатида ишлаб келмоқда.
“Мураббийликни соғинмаяпман. 1080 та ўйинда ишладим — бу етарли. Эндиликда ҳафтасига бир неча матбуот анжумани, ёмғирда уч соат туриш истаги йўқ”, — дея қўшимча қилди Клопп.
У шунингдек, жамоанинг янги мураббийи Арне Слот билан мунтазам алоқада эканини ва унинг иш услубини юқори баҳолашини айтди.
Маълумот учун, Клопп 2015–2024 йилларда “Ливерпуль”ни бошқариб, клуб билан Чемпионлар лигаси ва Премьер-лига каби йирик совринларни қўлга киритган эди.